Мазкур келишув Чехия бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бошланган ҳамкорликнинг амалий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси вакиллари ҳамда Чехия соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтех иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларини Чехия меҳнат бозорига тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар келишувига кўра, номзодлар чех тилига ўқитилади, касбий тайёргарликдан ўтказилади ҳамда Чехиянинг давлат ва хусусий клиникаларида юқори малакали лавозимларга ишга жойлаштирилади.

Шунингдек, икки давлат ўртасида дуал таълим дастурларини ишлаб чиқиш, диплом ва касбий малакаларни ўзаро тан олиш жараёнларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, ушбу дастурни амалга ошириш ишлари 2026 йил сентябр ойидан бошланади. Бу эса ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг Чехияда расмий асосда меҳнат фаолиятини бошлаши учун янги имкониятларни яратади.











