Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 2007 йилда туғилган К.Х. онасига тегишли бўлган Cobalt русумли автомашинада ҳаракатланиб юрган вақтида ўзини гўёки Қибрай тумани прокуратураси ходими сифатида таништириб, сохта хизмат гувоҳномасини кўрсатиб юргани ҳақида тезкор маълумот келиб тушган.

12 июл куни Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Қибрай туманида ўтказилган рейд давомида мазкур автомашина тўхтатилган.

Маълум қилинишича, ҳайдовчи ЙҲХБ ходимлари унга нисбатан қонуний чора кўрмаслиги учун ўзини прокуратура ходими сифатида таништириб, сохта хизмат гувоҳномасини кўрсатган.

Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.

Автомашина кўздан кечирилганда ўриндиқ остидан «25 C 836 AA» давлат рақам белгиси топилган. Ҳодиса жойига чақирилган тезкор-тергов гуруҳи томонидан фуқародан сохта хизмат гувоҳномаси ва давлат рақам белгилари олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 228-моддаси иккинчи қисми «б» банди ҳамда 228-моддаси учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура фуқароларни ўзини давлат органлари ходими сифатида таништириб, турли хизматлар эвазига пул ёки бошқа манфаат талаб қилувчи шахсларга ишонмасликка чақирди. Бундай ҳолатларга дуч келинганда идоранинг «1161» ишонч телефони орқали хабар бериш сўралган.