Давлат тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган соҳа вакиллари учун ипотека кредити асосида харид қилинадиган уй-жой дастлабки бадалининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олишга онлайн ариза юбориш хизмати ишга тушди.

Аризаларни my.gov.uz портали ёки MyGov мобил иловаси орқали юбориш мумкин бўлади.

Мазкур имкониятдан давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йиллик иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фойдаланишлари мумкин.

Ариза тўлиқ онлайн топширилади.

Қайд этилишича, республиканинг исталган ҳудудидан бирламчи бозордан (янги қурилган) уй-жой харид қилиш мумкин.

Аризалар онлайн кўриб чиқилади ва барча талабларга тўлиқ мос келган иштирокчилар орасидан ҳар чоракда 125 нафар ғолиб махсус тасодифий танлаш дастури (random.org) орқали автоматик равишда аниқланади.