23 июл куни «Ижтимоий иш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ҳужжат ижтимоий иш соҳасида ягона ҳуқуқий механизмни белгилаб, ижтимоий масалаларни ҳал этишда профилактик ёндашувни жорий этишни назарда тутади.
Қонунга мувофиқ, профессионал ижтимоий ходимлар поликлиникалар, мактаблар, бандлик марказлари, судлар, ички ишлар органлари ва жазони ижро этиш муассасаларида фаолият юритади.
Эндиликда оилалар ва фуқароларнинг ижтимоий ёрдамга муҳтожлик даражаси фақат уларнинг даромадига қараб эмас, балки ҳаётий вазиятини комплекс баҳолаш асосида аниқланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган ҳар бир фуқаро ёки оила учун индивидуал қўллаб-қувватлаш режаси ишлаб чиқилади.
Мазкур соҳада махсус ваколатли давлат органи этиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланди.
Қонунда Вазирлар Маҳкамаси, ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари ҳамда масъулияти белгиланган. Шунингдек, ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида маҳаллалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг иштирок этиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжат билан ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам турлари, фуқаролар ва оилаларни ижтимоий ҳимояга муҳтож деб эътироф этиш тартиби, ижтимоий қўллаб-қувватлашни тақдим этиш ва тўхтатиш асослари ҳамда уни молиялаштириш манбалари белгиланди.
Қонунда ижтимоий ходимларнинг ҳуқуқий мақоми, уларга бериладиган ижтимоий кафолатлар ва фаолияти билан боғлиқ чекловлар ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Ҳужжат 2026 йил 23 июлдан кучга кирган.







