Белгиланишича, ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад юртимизда ислом таълимоти ва диний илмлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган Ҳаким Термизийнинг ибратли ҳаёт йўли ҳамда илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этишни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Ҳужжатга кўра, Термиз шаҳрида 2026 йил ноябр ойида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.

Ҳаким Термизийнинг "Наводирул усул" ва "Баҳрут тафсир" асарлари ҳамда алломанинг илмий меросига оид бошқа манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималари нашр этилади. 2026 йил давомида Ҳаким Термизий илмий меросига оид туркум рисолаларни нашрга тайёрланади ва чоп этилади.

Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган эсдалик буюмларни муомалага чиқарилади ҳамда почта маркалари, тақвимлар, алломанинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркуми яратилади.

Ҳаким Термизий ёдгорлик мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ободонлаштирилади.

Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда Ҳаким Термизий илмий меросига мансуб қўлёзмалар, қадимий китоблар, ноёб асарлар ва бошқа маданий бойликлар тадқиқ этилиши ва реставрация қилинишини ҳамда уларнинг лозим даражада сақланишини таъминлайди.

Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида "Ҳаким Термизий асарлари билимдони" танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш чораларини кўради.

Аллома таваллудининг 1200 йиллиги муносабати билан 2026 йил ноябр ойида “Мардлар майдони” шиори асосида Ҳаким Термизий хотирасига бағишланган кураш турнири ўтказилади.

Ҳаким ат-Термизий (тўлиқ исми - Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башир Ҳаким Термизий) муҳаддис ва мутасаввуф бўлиб, Термиз шаҳрида яшаб ижод қилган. У 80 дан ортиқ асарлар муаллифи ҳисобланади. Ат-Термизий чуқур илм ва кенг дунёқарашга эга бўлгани учун «Ал-Ҳаким» (доно) деган тахаллусни олган.