Адлия вазирлиги «Фуқаро авиацияси соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфини автоматлаштирилган тарзда баҳолаш механизми жорий этилади.

Хавф даражасини аниқлашда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.

Бунда хавфни таҳлил қилиш жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ва маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг хавф даражаси бешта йўналиш бўйича баҳоланади. Улар аэродромлар ва ер усти қурилмалари, ҳаво кемаларининг учишга яроқлилиги, ҳаво кемалари эксплуатантларининг парвозлари, учувчисиз учиш аппаратлари эксплуатантларининг парвозлари ҳамда қидирув ва авария-қутқарув хизматларини қамраб олади.

Таҳлил натижасида ҳуқуқбузарлик хавфи юқори, ўрта ва паст тоифаларга ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига киритилган субъектларда профилактика тадбирлари ва текширувлар қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.

Паст хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Шу билан бирга, электрон тизим орқали аниқланган хавф даражасининг ўзи тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлмайди.

Низом 2026 йил 24 июл куни 3907-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.