«Дунё» ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Финландиянинг янги элчиси Йоханна Мария Огренни қабул қилди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Финландия ўртасидаги муносабатлар изчил фаоллашаётгани қайд этилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни рағбатлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Бахтиёр Саидов элчига Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Финландия ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 26 февралда ўрнатилган.











