Ўзбекистон ва АҚШ Ой, Марс, кометалар ва астероидларни тинчлик мақсадларида фойдаланиш ҳамда тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик тамойилларини белгиловчи «Артемида» битимларини имзолади, дея хабар берди ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.
Таъкидланишича, ҳужжат Ўзбекистоннинг NASA ва бошқа иштирокчи давлатлар космик агентликлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда космик технологиялар трансфери учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистон «Артемида» келишувларини имзолаган 77-давлат бўлди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар ёзиб қолдирди.
Томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни, жумладан, инфратузилма, коинот, муҳим минераллар ва C5+1 дипломатик платформаси орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришни муҳокама қилишган.
«Биз мамлакатларимиз ва минтақамиз фаровонлигини таъминлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз», – дея ёзади Рубио.
















