Бразилия миллий жамоасининг энг яхши ҳужумчиси Неймар футболдаги халқаро фаолиятини якунлаганини тасдиқлади. “Сантос”нинг 34 ёшли ҳужумчиси миллий жамоа либосини бошқа киймаслигини айтди.
Неймар миллий жамоадаги даври тугаганини таъкидлади.
"Мен миллий жамоада тарих яратдим ва жуда бахтли эдим. Бошимдан кўп нарса ўтди, боримни бердим ва сариқ либос учун курашдим, лекин буни бошқа хоҳламайман", - деди у.
Неймар Бразилия миллий жамоасида 2010 йилда, 18 ёшида дебют қилган. У ўтган 16 йил давомида жамоанинг энг муҳим ўйинчиларидан бири бўлди.
Неймар "селесао" таркибида 130 марта майдонга тушиб афсонавий Пеленинг тўпурарлик рекордини янгилаган. Унинг ҳисобида 80та гол бор.
Бразилиялик футболчи "пентакампеон"лар сафида 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасида олтин медални ва 2013 йилги Конфедерациялар кубогида чемпионликни ҳам қўлга киритган.











