Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда HST, VEK ва RBMT МЧЖ мансабдор шахслари ҳамда бошқа шахслар Telegram ижтимоий тармоғидаги халқаро TESLA SHOP гуруҳига тегишли 58 та Telegram-бот орқали наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдосини амалга оширгани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур савдодан тушган 20,9 миллиард сўм 14 нафар хорижий фуқаро номига Ўзбекистон банкларида очилган 90 та сохта (дроп) банк картасига ўтказилган. Шунингдек, 8 миллиард сўм Paynet фаолияти билан шуғулланувчи HST ва VEK МЧЖга, яна 4,7 миллиард сўм эса CP крипто-дўконига йўналтирилган.
Аниқланишича, кейинчалик ушбу ва бошқа маблағлар жамиятлар ҳисоб рақамларига ўтказилиб, улар орқали аҳолига 621,2 миллиард сўмлик Paynet хизматлари кўрсатилган. Натижада 90,3 миллиард сўм миқдоридаги солиқ тўловларини тўлашдан бўйин товланган.
Бундан ташқари, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар ҳисобидан 50,5 миллион АҚШ доллари миқдорида ноқонуний криптоактивлар айланмаси амалга оширилган. Шундан 2,4 миллион АҚШ долларига тенг криптоактивлар 14 нафар хорижий фуқаронинг валюта ҳисоб рақамларига ўтказилиб, жиноий йўл билан топилган даромадлар легаллаштирилгани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











