Бу гол 67 йил давомида фақат гувоҳларнинг ҳикояларида яшади. Энди эса унинг видеоси пайдо бўлди. Google DeepMind Пеленинг оиласи, тарихчилар ва воқеа гувоҳлари билан ҳамкорликда архив материаллари ҳамда хотираларга таяниб, актёрлар ва генератив моделлар ёрдамида ушбу вазиятни қайта тиклади. У гўёки ўша пайтда майдонда камера тургандай таассурот уйғотади. Аммо бу ерда энг қизиқ жиҳати тасвир эмас, балки нейротармоқ воқеани ўйлаб топмаслиги учун қанчалик катта меҳнат сарфланганида.
«Руа Жавари»даги афсонавий гол
Ўшанда Пеле 18 ёшда эди. Бир йил аввал у жаҳон чемпиони бўлган, аммо Моока туманидаги «Жувентус» стадиони уни ҳуштакбозлик билан қарши олганди. «Сантос» 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди, Пеле хет-трикка эришди. Ўша машҳур гол учрашувнинг иккинчи бўлими 42-дақиқасида урилди.
Ҳужум Дорвалнинг жарима майдончасига узатмасидан бошланди. Кейинги воқеалар ҳақида турли версиялар мавжуд ва айнан шу жиҳат муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги реконструкцияга кўра, Пеле аввал тўпни рақиби устидан ошириб уни алдаб ўтади, кейин эса тўпни ерга туширмасдан яна икки ҳимоячи ва Мао ди Онса лақабли дарвозабон устидан оширади. Дарвозабон майсага йиқилади, Пеле эса тўпни боши билан бўш дарвозага жойлайди. Ҳатто «Жувентус» футболчилари ва ҳакам ҳам уни табриклашади.
Бошқа бир манбада яна бир ҳимоячи алдангани ҳақида ёзилган. Бироқ Google воқеани тўпни ерга туширмасдан бажарилган учта кетма-кет финт сифатида қайта тиклашни маъқул кўрди.
Голдан сўнг Пеле рақиб мухлислари турган трибунага югуриб бориб, баланд сакрайди ва муштини ҳавога кўтаради. «Сантос» клуби унинг машҳур гол нишонлаш услуби айнан ўшанда пайдо бўлганини таъкидлайди.
Гол қандай тикланди?
Лойиҳа қарийб икки йил давом этди. Тарихчи Анита Луккези ва унинг жамоаси қарийб 2000 та ҳужжат тўплади. Улар орасида газеталардаги мақолалар, стадион чизмалари, хариталар, оилавий албомлар, мухлислар кийимлари акс этган суратлар ва ҳатто болалар чизган расмлар ҳам бор эди. Иш жараёнида жами 3600 дан ортиқ тарихий тасвирдан фойдаланилди.
Гувоҳлардан фақат хотираларинигина айтиш сўралмади. Футболчиларнинг жойлашуви ҳамда ҳужум йўналишини тиклаш учун уларга стадион макети, архив суратлари ва схемалар кўрсатилди. Жамоа ўша кунги булутли ҳаво, стадионнинг эски архитектураси, футболчилар либоси, бутсалари ва трибуналардаги мухлисларни ҳам алоҳида ўрганиб чиқди. Чунки замонавий стадион бир неча марта қайта қурилган ва уни ҳозирги ҳолида суратга олиб 1959 йилги муҳит сифатида кўрсатиш мумкин эмас эди.











