Украина дронлари 2 августга ўтар кечаси Wildberries компаниясининг Самара области Красноярск райони Новосемейкино посёлкасидаги омборига ҳужум уюштирди. Омборга ҳужум қилингани ҳақида губернатор Вячеслав Федоришчев хабар берди, унинг маълумотига кўра, ҳужум оқибатида қурбонлар бўлмаган. У бу ҳужумни «душманнинг навбатдаги террорчилик акти» деб атади. Компания матбуот хизмати ҳам ҳужум фактини тасдиқлаб, жабрланганлар йўқлигини маълум қилган ва логистик занжир қайта йўлга қўйилганини қўшимча қилган.

Дронлар зарбасидан кейин омбор ёниб кетган. Гувоҳлар 63.ru нашри мухбирига айтиб беришича, ҳужум эрталабки соат саккиз атрофида смена алмашиш вақтида рўй берган. «Эндигина иш бошлагандик. Қаттиқ овоз эшитилди. Сиреналар овози чалингач, бу эвакуация эканини тушундик. Барча қоча бошлади ва шу вақтда яна бир зарба келиб тушди. Ҳар томонга тарқалдик. Ўтлоққа бориб ўтирдик. Дарҳол яна бир дрон учиб келди. Ҳамма ўрнидан туриб қоча бошлади», – деган шу куни омборда навбатчиликда бўлган ходимлардан бири.

Логистик марказнинг воқеа жойига бир неча соатдан кейин, соат тахминан 12 лар атрофида келган бошқа бир ишчиси эса «омбор ер билан битта бўлгани» ва «ҳамон ёнаётгани»ни айтиб берган.

Самара области губернатори Красноярск райони аҳолисини омборга ҳужумдан сўнг «ҳавода зарарли маҳсулотлар пайдо бўлгани» туфайли «саломатликка эътибор қаратиш»ни сўраган.

Украина қуролли кучлари Пилотсиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мажор» лақабли) Wildberries’нинг Самара областидаги омбори Россиянинг Европа қисми ҳамда Сибир ўртасидаги «асосий кўприк» бўлганини айтиб, «бу сўнгги зарба эмаслиги аниқлиги»ни таъкидлаган.

18 июлдан буён украин дронлари Wildberries’нинг Россия бўйлаб жами 16 та омборига зарба берди, жумладан, фронт чизиғидан анча олисда бўлган ҳудудларга ҳам украин дронлари учиб келмоқда. Самара областидаги омбор компаниянинг ҳужумга учраган 17-объекти бўлди.

2 августга ўтар кечаси Саратов области ҳам ҳужумга учраган. Украинадаги телеграм-каналларга кўра, Саратов нефтни қайта ишлаш заводи («Роснефт» таркибига киради), шунингдек, «Энгелс-2» ҳарбий аэродроми нишонга айланган.

Ҳудуд губернатори Роман Бусаргинга кўра, ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Унинг қўшимча қилишича Энгелсдаги кўп квартирали уй шикастланган.

Гувоҳ юборган фотосурат / Sota

Astra телеграм-канал тасдиқлашича, Саратовда Тулская кўчасидаги яна бир кўп қаватли уйга зарба берилган. У ҳужумга учраган нефтни қайта ишлаш заводидан тахминан уч километр масофада жойлашган.

Гувоҳ юборган фотосурат / Astra

Украина қуролли кучлари Бош штаби Украина 2 августга ўтар кечаси Волгабўйидаги энг йирик нефт объектларидан бири бўлган Саратов нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Россия стратегик авиациясининг асосий базаларидан бири бўлган Энгелс ҳарбий аэродромини аниқ нишонга олгани ҳақида баёнот берган. Бундан ташқари, Калуга областидаги «Людиновская» нефт базасига, шунингдек, Браянск областидаги дронларни сақлаш, тайёрлаш ва учириш марказига зарба берилган.

Россия мудофаа вазирлиги тун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг 15 та областида, шунингдек, аннексия қилинган Қрим ҳамда Азов ва Қора денгиз акваторияларида украинларнинг 635 та дрони тўхтатилгани ва йўқ қилингани ҳақида баёнот берган.

Кейинроқ Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров ҳам Украина дронлари ҳужуми ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронлардан бири Уфа саноат зонаси устида уриб туширилган ва ёнғин бошланган. Бироқ Хабиров ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган. Astra телеграм-канали гувоҳларнинг фотосуратлари ва видеоларини ўрганган ҳолда Украина дронлари Уфадаги «Башнефт-УНПЗ» нефтни қайта ишлаш заводига зарба берганини даъво қилмоқда. Бошқа иккита корхона, «Башнефт-Новойл» ва «Башнефт-Уфаннефтехим» билан биргаликда бу нефтни қайта ишлаш заводи Россиядаги энг йирикларидан бири бўлган Уфа нефтни қайта ишлаш комплексини ташкил этади («Роснефт» таркибига киради). Бир кун аввал Украина хавфсизлик хизмати 1 августга ўтар кечаси Уфадаги учта нефтни қайта ишлаш заводига муваффақиятли зарбалар берилганини маълум қилганди.

Бундан ташқари, украин дронлари Удмуртияга ҳам ҳужум қилган. Регион раҳбари Олга Абрамова хабар қилишича, регион шимолида фуқаролик автомобили зарба остида қолган. Уч киши ҳалок бўлган. Яна икки киши, жумладан, бир бола шифохонага ётқизилган.

Украина қуролли кучлари Бош штаби Бошқирдистон ва Удмуртияга ҳужум юзасидан изоҳ бермаган. Саратовдаги нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Энгелсдаги аэродромга қилинган ҳужумлар ҳақида хабар берган Володимир Зеленскийнинг баёнотида ҳам бу ҳудудлар тилга олинмаган.