Маълум қилинишича, «Авиаюклар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан келтирилган 21 тоннадан зиёд оғирликдаги «Эфба» номли осма дори воситаси божхона кўригидан ўтказилган.

Текширув давомида божхона юк декларациясида мазкур дори Ҳиндистонда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган бўлса-да, унинг қадоғи ва ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи давлат ва корхона ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмаслиги аниқланган. Шунингдек, дори идишидаги хитойча ёзувлар ҳам маҳсулот Ҳиндистонда эмас, бошқа давлатда ишлаб чиқарилганини кўрсатган.

Терговга қадар текширувда аниқланишича, импортчилар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказидан мувофиқлик сертификатини олиш учун «Эфба» дори воситасининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган асл намунасини тақдим этган. Кейин эса ушбу сертификатдан фойдаланиб, катта ҳажмдаги контрафакт маҳсулотни мамлакатга олиб киришга уринган.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, агар ушбу схема фош этилмаганида, 160 минг қутидан ортиқ қалбаки дори воситаси ички бозорга чиқарилиб, аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин эди. Чунки «Эфба» таркибидаги левофлоксацин кучли фторхинолон гуруҳига мансуб антибиотик ҳисобланади.

Ҳозирда мазкур дори воситалари вақтинча сақловга олинган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.