Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қалбаки дорилар тайёрланган яширин цех фош бўлди
Ғиждувон ва Нукус туманларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида яширин дори цехи ва ноқонуний омборхона фош этилди. Тадбирлар натижасида ўн минглаб қалбаки, сертификатсиз ҳамда давлат реестрида қайд этилмаган дори воситалари, шунингдек, уларни қадоқлаш учун мўлжалланган ёрлиқ ва бошқа воситалар мусодара қилиниб, қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.
Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ғиждувон туманида яшовчи тадбиркорга тегишли дорихона, хонадон ва автотранспорт воситаси кўздан кечирилди.
Текширув давомида тадбиркор ўз уйида яширин цех ташкил қилиб, дори воситаларига тегишли ёрлиқ ва йўриқномаларни ўзгартириш орқали қалбаки маҳсулотлар тайёрлаб келгани аниқланди. Тезкор тадбирда 111 турдаги жами 25 716 дона дори воситалари, бўш қути ва ёрлиқлар, йўриқномалар ҳамда бошқа воситалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси хулосасига кўра, мусодара қилинган дориларнинг 30 тури давлат реестрида қайд этилмаган, яна 50 тури учун эса мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмаган.
Ғиждувон туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари давлат реестрида қайд этилмаган ва сифат сертификатига эга бўлмаган 16 дона «Октагам» дори воситасини харидорга 5 600 АҚШ долларига сотган вақтида ушланди. Шунингдек, унга тегишли дорихонадан сифат сертификати мавжуд бўлмаган 109 турдаги жами 32 094 дона дори воситалари ҳужжатлаштириб олинди.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолати аниқланди. ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Нукус туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро ўз хонадонида ноқонуний омборхона ташкил қилгани маълум бўлди.
Ушбу манзилдан 65 турдаги жами 12 958 дона дори воситалари ҳамда уларни қадоқлашда фойдаланиладиган 2 410 дона штрих-код ва этикеткалар ашёвий далил сифатида олинди. Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур дори воситалари белгиланган сақлаш талабларига риоя этилмаган ҳолда сақланган бўлиб, уларнинг 16 турининг яроқлилик муддати ҳам тугаган.
Ҳозирда ушбу учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
08:33 / 15.05.2026
Чегара ҳудудида миллиардлаб сўмлик ноқонуний дорилар топилди
16:09 / 31.03.2026
Андижонда қалбаки дори тайёрловчи 3 та яширин лаборатория аниқланди
19:35 / 28.03.2026
Андижондаги яширин дори цехларидан 10 млрд сўмлик қалбаки дорилар мусодара қилинди
08:41 / 10.03.2026