Дания Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, мамлакат мудофаа вазири Йеппе Брус ва Фарер ороллари ташқи ишлар ҳамда балиқчилик вазири Бардур а Стейг Нилсен ҳамкорликни кучайтириш ва оролларда ҳамда улар атрофида ҳарбий фаолликни жорий йилдан бошлаб кенгайтиришга келишиб олган.
Томонлар келишувига мувофиқ, Дания Қуролли кучлари Фарер ороллари ва уларга туташ ҳудудлардаги иштирокини маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда босқичма-босқич ва даврий тарзда оширади.
Йеппе Бруснинг таъкидлашича, бу қарор Дания қироллиги ўз ҳудудининг барча қисмлари хавфсизлиги учун масъулиятни жиддий қабул қилаётганини намоён этади. Унинг сўзларига кўра, мазкур чоралар Арктикадаги умумий мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича кенг қамровли дастурнинг бир қисми бўлиб, НАТО фаолиятига ҳам ҳисса қўшади.
Дания Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, кенгайтирилаётган фаолият Дания Қуролли кучлари ва Фарер оролларининг денгиз чегараларини муҳофаза қилувчи VØRN хизмати ўртасида қўшма машғулотлар ўтказиш, НАТОнинг денгиз операцияларини қўллаб-қувватлаш, F-35 қирувчи самолётлари иштирокида ҳаво патрулларини амалга ошириш, шунингдек, фрегатлар ва транспорт самолётларини жалб қилишни ўз ичига олиши мумкин.
Фарер ороллари вазири Бардур а Стейг Нилсен хавфсизликка оид барча ташаббуслар маҳаллий ҳокимият билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши муҳимлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, ҳарбий фаоллик Даниянинг Arctic Endurance машғулотлари доирасида амалга оширилади ва НАТО раҳбарлигидаги Arctic Sentry операцияси билан мувофиқлаштирилади.
Bloomberg агентлиги қайд этишича, бу қарор Гренландияда Дания ҳарбий иштирокини сезиларли даражада оширганидан кейин қабул қилинмоқда. Сўнгги ойларда Копенгаген у ерда ҳарбийлар сонини, машғулотлар кўламини ва техника ҳажмини кўпайтирган.
Даниянинг TV 2 телеканали маълумотига кўра, мамлакат ҳукумати Россия томонидан Европа хавфсизлигига нисбатан ҳарбий таҳдид сақланиб қолаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Шунингдек, 2022 йилда Дания ва Фарер ороллари Стреймой оролида йирик радиолокация мажмуасини қуришга келишган. Уни 2030 йил атрофида ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, мажмуа Атлантика океанининг шимолий қисмидаги ҳаво ва денгиз ҳаракатини, жумладан Россия самолётлари ҳамда кемаларини кузатиш имконини беради.
Фарер ороллари Дания таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Шимолий Атлантика океанида жойлашган архипелаг 18 та вулқон оролидан иборат.











