Киевнинг "40 кунлик" стратегияси якунланмоқда: Украина ўз мақсадларига қанчалик эришди?

Анвар Йўлдошев: “40 кунлик таъсир операцияси” мобайнида Украина Россия ҳудудига, жумладан, Москва ва унинг атрофидаги ҳудудларга уюштирилган зарбаларни сезиларли даражада кучайтирди. Бу ҳужумлар Россия пойтахти аҳолиси урушнинг оқибатларини бевосита ҳис қилиши мумкинлигини кўрсатди ҳамда жамиятда хавотирни кучайтирди. Мазкур операцияни таҳлил қилар эканмиз, буни икки хил нуқтаи назардан баҳолаш мумкин.

Тактик жиҳатдан қараганда, Украина муайян натижаларга эришди. Россия ҳудудидаги қатор нишонлар, жумладан, нефтни қайта ишлаш заводлари, энергетика ва логистика инфратузилмасига зарбалар берилди. Бу эса Россия ичкарисида хавфсизлик масаласини янада долзарб қилиб қўйди ва аҳоли орасидаги хавотирни кучайтирди. Бироқ стратегик нуқтаи назардан кутилган натижага эришилмади. Операциянинг асосий мақсади Кремлни музокараларга мажбур қилиш эди.

Зеленский бу давр ичида Россияга босим шу даражада кучайтирилишини, натижада Владимир Путин музокаралар столига ўтиришга мажбур бўлишини таъкидлаган эди. Аммо амалда бундай бўлмади. Аксинча, Россия ҳам жавоб зарбаларини кучайтирди ва Украина ҳудудига ракета ҳамда дрон ҳужумлари кўламини кенгайтирди.

Хулоса қилиб айтганда, Украина “40 кунлик таъсир операцияси” давомида айрим тактик мақсадларига эришган бўлса-да, унинг асосий стратегик мақсади – Россияни музокараларга мажбур қилиш вазифаси ҳозирча амалга ошгани йўқ.

Камолиддин Раббимов: Операция давомида Россия ичидаги ижтимоий кайфиятда сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бугун халқаро оммавий ахборот воситалари ва очиқ манбалар орқали Россия жамиятидаги кайфиятни ҳам маълум даражада баҳолаш мумкин. Уруш бошида Кремл қисқа муддат ичида Украинани эгаллашни режалаштирган эди. Аммо бугунги вазият шуни кўрсатмоқдаки, уруш энди фақат Украина ҳудудида эмас, балки Россия ичкарисида ҳам сезилмоқда.

Сўнгги ҳафталарда мамлакатдаги йирик логистика марказлари, нефтни қайта ишлаш корхоналари ва бошқа муҳим инфратузилма объектлари нишонга олинди. Айрим корхоналар фаолиятини давом эттираётган бўлса-да, энергетика ва ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар тобора яққол кўзга ташланмоқда. Натижада, дунёдаги энг йирик нефт экспортчиларидан бири бўлган Россия айрим ҳудудларда ёқилғи таъминоти билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Бу эса ички бозордаги вазиятга ва жамоатчилик кайфиятига бевосита таъсир кўрсатмоқда.