Президент Шавкат Мирзиёев Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Сўнгги икки йилда 1 миллион 200 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Натижада қўшимча 16,5 минг гектар ер ва 49 миллион квадрат метр қурилиш майдони аниқланди.
Аниқланган объектларнинг 270 мингтаси кадастр базасига киритилиб, бюджет учун йилига 315 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди. Кадастр хизматларининг 90 фоизи онлайн шаклда кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматларидан фойдаланиш бўйича 1 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган бўлса, уларнинг 330 мингтаси ёки 30 фоизи рад этилган. Яъни амалда ҳар учта аризадан биттаси қаноатлантирилмаган.
Бундай ҳолатлар фуқароларнинг ортиқча вақт ва маблағ сарфлашига, масаласини ҳал қилиш учун яна бошқа идора ёки шахсларга мурожаат этишига сабаб бўлиб, коррупциявий хавфларни ҳам кучайтирмоқда.
Хизматларни рақамлаштириш жараёнида барча қарорларни марказлашган тартибда қабул қилиш амалиёти шакллангани ҳам аҳоли учун ортиқча тўсиқларни юзага келтирган.
Хусусан, нотурар объект тоифасини ўзгартириш учун вилоят ёки республика даражасидаги ташкилот розилиги талаб қилинмоқда. Битта масалани ҳал қилиш учун фуқаролардан бир неча марта ариза топшириш ва ҳар бир ариза учун алоҳида тўлов қилиш сўралмоқда.
Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида бўлиш учун тўртта, битта меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза талаб қилинади. Битта ариза туман, вилоят ва республика даражасида 30-50 та босқичда кўриб чиқилиб, жараён ўртача 15-20 кунга чўзилмоқда.
Ер назорати соҳасида жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилгани ижобий натижа бераётгани қайд этилди. Бироқ жарималарни ошириш билан чекланмасдан, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этиш ва фуқароларни қонуний фаолиятга қайтаришга қаратилган механизмларни жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.











