Президент Шавкат Мирзиёев Кадастр агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда агентликнинг бошқарув тузилмаси ҳам танқидий таҳлил қилинди.

Ҳозирда туман ва вилоят даражасида Кадастр агентлиги ҳамда Кадастр палатасининг алоҳида ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, тизим амалда иккита раҳбар томонидан бошқарилмоқда.

Тизимдаги ходимларнинг 56 фоизини раҳбар ва назоратчилар, 44 фоизини эса бевосита ижрочилар ташкил этади. Ишга қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги сабабли 700 дан ортиқ иш ўрни вакант қолмоқда. Ходимларнинг 40 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишламаяпти.

Қолаверса, вилоят даражасидаги раҳбарларга туман бўлинмалари раҳбарларига нисбатан интизомий чора кўриш ваколати берилмаган. Натижада ижрочи ходимларнинг иш юкламаси ортиб, меҳнатига ҳақ тўлаш даражаси пастлигича қолмоқда.

Шу боис, кадастр хизматларини босқичма-босқич қуйи бўғинга тушириш ва ҳудудий бўлинмаларнинг ваколатларини кенгайтириш таклиф қилинди.

Республика даражасида ишлаётган ходимларнинг камида 30 фоизини туманларга ўтказиш, республика, вилоят ва туман даражасидаги Кадастр палатаси ва хизмат кўрсатиш тузилмаларини бирлаштириш назарда тутилмоқда. Бу орқали ҳудудий бўлинмаларнинг мустақиллиги ва масъулияти оширилади, хизматлар фуқароларга яқинлаштирилади.

Тузилмавий ўзгаришлар жараёнида аҳоли сарсон бўлмаслиги учун бир ҳафта муддатда “Кадастр маслаҳат бурчаги” ва “Тезкор кадастр” хизматларини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Мутасаддиларга хизматларни соддалаштириш, ортиқча босқич ва тўловларни қисқартириш, қарор қабул қилиш ваколатларини қуйи бўғинга тушириш ҳамда соҳа ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.