3 август куни Орша-Восточная темирйўл станциясидан «Беларус–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон» йўналиши бўйича навбатдаги юк поезди жўнатилди.
«Беларус темирйўллари» маълумотига кўра, поездга қарийб 4 минг тонна ёғочни қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ва озиқ-овқат юкланган. Ушбу юклар Ўзбекистон билан бир қаторда Қирғизистон ва Тожикистонга ҳам етказиб берилади.
Айни пайтда, 30 июл куни йўлга чиққан биринчи поезд 4 минг километрлик йўлнинг қарийб 2,5 минг километрини босиб ўтиб, ҳозир Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланмоқда.
Лойиҳани амалга оширувчиларнинг таъкидлашича, «Славян карвони» озиқ-овқат, кимё, қурилиш материаллари, ёғочни қайта ишлаш ва машинасозлик маҳсулотлари экспортчилари учун янги логистика имкониятларини яратади. Шунингдек, мазкур йўналиш Ўзбекистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
«Славян карвони» лойиҳаси Ўзбекистон президентининг жорий йил июл ойида Беларусга амалга оширган расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида йўлга қўйилган.











