Президент фармонига мувофиқ, одам савдосидан жабрланган эркаклар, чет эл фуқаролари ҳамда махсус дастурлар асосида Ўзбекистонга олиб келинган репатриантлар фақат Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказига қабул қилинади.
Шунингдек, ихтисослашган ҳудудий марказларнинг одам савдосидан жабрланган шахсларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти республика ихтисослашган маркази томонидан мувофиқлаштирилади.
Янги тартибга кўра, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахслар ихтисослашган марказлар хизматларидан бир ойгача, одам савдосидан жабрланган деб расман тан олинган шахслар эса кўпи билан олти ой давомида фойдаланиши мумкин.
Бунда шахслар ўзларига тегишли мақом берилган кундан бошлаб белгиланган муддатларда мазкур марказларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, бир шахс дастлабки идентификация бўйича такроран ушбу марказларга жойлаштирилмайди.
Фармон билан одам савдосидан жабрланганларнинг ихтисослашган марказларга бориб-келиши билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш тартиби ҳам жорий этилди. Унга кўра, республика реабилитация марказига қатнов учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, ҳудудий марказларга қатнов учун эса БҲМнинг ярим баравари миқдоридаги маблағ «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.










