Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ҳўрмуз бўйича келишув
Эрон ва Ўмон ўртасидаги таклиф этилаётган келишув Теҳронга Ҳўрмуздан ўтувчи кемалар устидан назоратни беради. Бу ҳақда чоршанба куни Эрондаги юқори мартабали манба ва минтақавий расмийлардан иккиси Reuters’га маълум қилди. Бу Эрон учун шу пайтгача қилинган энг катта ён босишлардан бири экани айтилмоқда.
Эрон расмийсига кўра, бўғозга кириш ҳамда чиқиш қатновлари Эрон ҳудудий сувлари орқали ўтади. Бошқа бир минтақавий манбанинг таъкидлашича, «назорат» қандай белгиланиши бўйича тафсилотлар ҳали аниқланиши керак.
Эрон бўғоздан фойдаланаётган кемалардан юк нархининг 5 фоиздан 7 фоизгача миқдорида бож ундиришни талаб қилмоқда. Ўмон тахминан 3 фоиз атрофидаги тўловларни муҳокама қилмоқда, Вашингтон эса умуман тўлов бўлмаслигини хоҳлайди. Кўрфаз музокарачилари эса ҳар қандай йиғимлар ихтиёрий бўлишини талаб қилмоқда.
Шу билан бирга Эрон АҚШнинг ҳар қандай янги ҳужуми кучли жавоб зарбасини келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирган.
«Эроннинг огоҳлантириши қатъий эди: агар Америка Эроннинг инфратузилмасини нишонга олса, улар Кўрфаз энергия объектлари ва бошқа минтақавий нишонларга зарба бериш орқали жавоб қайтаради», деди Кўрфаздаги манбалардан бири.
АҚШ томони ҳозирча Ҳўрмуз бўйича таклифга изоҳ бермади. Президент Доналд Трамп бўғозни қайта очиш бўйича келишув яқинлашиб қолганини айтганди. Гарчи АҚШ расмийлари Ҳўрмузга киришни Эрон назорат қилишига ҳеч қачон рози бўлмаслигини айтган бўлса ҳам.
Эронга бундай ваколатини берувчи келишув АҚШ ва Исроил томонидан феврал ойида бошланган уруш – минтақавий кучлар мувозанатининг Теҳрон фойдасига жиддий ўзгарганини англатади. Урушдан олдин бўғоз барча кемалар учун тўловларсиз, эркин ва очиқ эди.
Германия аэропортида портловчи қурилма
Кеча тунда Германиядаги аэропортда портловчи қурилма ўрнатилган дрон топилди. Саксония полициясига кўра, портловчи модда ортилган объект тўхтаб турган «Антонов» самолётлари яқинида кўриб қолинган. Портловчи қурилманинг детонатори робот ёрдамида олиб ташланган. Кейинроқ полиция назорат остидаги портлашни амалга оширган.
















