Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 5 август куни соат 02:19 да Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Уста Ширин кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг 6-кириш йўлагидаги электр қутисида ёнғин содир бўлгани тўғрисида Тошкент шаҳар ФВВга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, қутқарув бўлинмаси соат 02:25 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 03:58 да ўчирилган.
Ёнғин натижасида 6-кириш йўлагида тахминан 60 погонометр майдондаги электр кабеллари ёниб зарарланган.
Кўрсатилган манзилда қутқарувчилар томонидан кўп қаватли уйдан 26 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Kun.uz ҳодиса тафсилотларини ўрганди. Турар жой мажмуасида яшовчи аҳоли ҳолатни қуйидагича таърифлайди:
“2 кун олдин кўчиб келгандик, кечаси мана шу аҳвол бўлиб турибди. Бирдан кечаси қўрқинчли овоз чиқди, эшикларни очиб қарасак қоп-қора туман. Электр шитлари, ҳар бир этажда биттадан портлаб чиқди. 1 соат давомида 12-қаватдалигимиз учун қолиб кетдик. Чунки туман, умуман нафас олиб бўлмас эди. Ёнғинни ўчирмагунча уйимиздан чиқа олмадик”.
Яна бир фуқаро эса июнь, июль ойларида турар жой биносида электр токи тез-тез ўчиб турганини айтди, шунингдек электр симларини тортган масъул шахслар жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблашини билдирди.
Golden House компанияси Мижозларга хизмат кўрсатиш департаменти менежери Даврон Уриновнинг маълум қилишича, таъмирлаш ишлари якунлангунга қадар ёнғиндан зарар кўрганлар вақтинча меҳмонхоналарга кўчирилиб, озиқ-овқат билан таъминланади.
Олмазордаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлди — репортаж
14:098382 мин










