Бизнес-омбудсман Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги норманинг конституцияга мувофиқлигини текширишни сўраб, конституциявий судга мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони томонидан якка тартибдаги тадбиркор Ш.Р.нинг мурожаати ўрганилган.

Унга кўра, 2025 йил 28 май куни тадбиркорга тегишли мебел ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлган. Воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилиб, тадбиркор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддаси 3-қисми (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилган ҳамда 750 минг сўм миқдорда жарима қўлланилган.

Ушбу қарор кассация ҳамда Олий суднинг тафтиш инстанцияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-39-моддасига кўра, тафтиш тартибидаги қарор узил-кесил ҳисобланиб, у бошқа ҳеч қандай суд инстанцияси томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

“Шу билан бирга, худди шу воқеа бўйича алоҳида юритилган текширув натижасида тафтиш инстансияси қарори чиққанидан кейин (2026 йил июн ойида) суд-экспертиза хулосаси ва якуний тергов қарори қабул қилинган. Унга кўра, ёнғиннинг сабаби мебел корхонасининг электр тармоғидаги авария ҳолати бўлгани ва бу ҳолат тадбиркорнинг айби ёки қасддан қилинган ҳаракатлари билан боғлиқ эмаслиги объектив тарзда аниқланган.

Амалдаги норманинг узил-кесиллик қоидаси сабабли ушбу янги, тадбиркорнинг айбсизлигини тасдиқловчи далиллар ҳеч қандай суд инстанцияси томонидан кўриб чиқилмаган. Оқибатда 750 минг сўмлик маъмурий жарима тўғрисидаги қарор бугунги кунга қадар кучда қолмоқда”, дейилади хабарда.

Вакил девони ушбу ҳолатни конституциясининг айбсизлик презумпцияси (28-модда), инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги (54-модда) ҳамда ҳар кимнинг ҳуқуқларини холис суд орқали ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳуқуқи (55-модда) қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши зарур, деб ҳисобламоқда.

Шунга асосан, Бизнес-омбудсман Конституциявий судга расмий мурожаат йўллаган. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-39-моддасини Конституциянинг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқлигини текшириш сўралган.