Энергетика вазири Шерзод Хўжаев ҳар бир маҳалланинг барча зарур маълумотларни ўзида мужассамлаштирган энергетик паспорти шакллантирилишини маълум қилди.

Вазирнинг сўзларига кўра, унда маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, электр энергияси ва табиий газ инфратузилмасининг мавжуд ҳолати, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун қанча маблағ ва вақт талаб этилиши, янги истеъмолчиларни тармоққа улаш имкониятлари каби барча зарур маълумотлар акс эттирилади.

Шунингдек, электр ва газ таъминоти корхоналари ҳамда истеъмолчилар ўртасидаги мулоқот янги босқичга олиб чиқилади.

Бунинг учун замонавий онлайн платформалар ишга туширилиб, аҳоли ва тадбиркорларга зарур маълумотларни мобил иловалар орқали олиш имконияти яратилади. Электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида ҳам мобил иловалар орқали тезкор маълумот бериб борилади. Шу билан бирга, колл-марказлар фаолияти янада такомиллаштирилади.

Шерзод Хўжаевнинг билдиришича, ходимларга кунлик вазифаларни белгилаш, уларнинг ижросини назорат қилиш, ҳисоботларни шакллантириш, мавжуд хавфларни таҳлил қилиш, қайси ҳудудларда узилишлар кўп кузатилаётганини аниқлаш ва келгусида узилиш юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларни олдиндан прогноз қилиш имконини берувчи тизимлар жорий этилади.

Энергия ресурслари таннархини пасайтиришда рақобат муҳитини кенгайтириш ва бозор механизмларини жадал жорий этишга ҳам алоҳида аҳамият берилади.

Суюлтирилган газнинг эркин бозорини шакллантириш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Бунда тадбиркорларнинг импорт қилиб олиб кирган суюлтирилган газини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёнини соддалаштириш, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан бирга, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш таъминланади.