Президентнинг “Хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи юридик шахслар экологик экспертиза хулосаси асосида хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича йиллик режалар ишлаб чиқади ва уларни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.

Йиллик режаларда хавфли чиқиндилар ҳажмини камайтириш, уларни қайта ишлаш улушини ошириш, хавфсиз жойлаштириш ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш, утилизация қилиш ёки кўмиш учун тегишли рухсат ва инфратузилмага эга ихтисослашган ташкилотларга топшириш каби вазифалар назарда тутилади.

Шунингдек, фойдаланишдан чиқарилган хавфли чиқиндилар сақланаётган махсус иншоотлар ва очиқ майдонлар уларни экологик қайта тиклаш учун зарур маблағлар билан бирга бепул асосда агентликка ўтказилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан хавфли чиқиндиларни ҳосил қилувчи ташкилотлар статистика ҳисоботларини йил якунига кўра шакллантириб боради. Янги чоралар мамлакатда хавфли чиқиндиларни бошқариш самарадорлигини ошириш, қайта ишлаш даражасини кенгайтириш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.