Маълум бўлишича, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошган, бу кўрсаткич пойтахтда эса 12 миллион сўмдан юқори. Энг кам маош Қашқадарёда, даромади турғун вилоят – Жиззах. Хўш, статистикани рост деб олсак, бу пулларга ўзбеклар нима қила оляпти? Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, юртдошларимиз жон сақлаш ва қарзларини ёпишга асосий маблағини сарфлаб юбормоқда.

Статистика қўмитасига кўра, ярим йиллик таҳлиллар Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмдан юқори эканини кўрсатган. Тошкент эса доимгидек энг сердаромад ҳудудлигича қолмоқда. Лекин мана шу маблағга ким нима қила оляпти?

Kun.uz иқтисодчи, жамиятшунос ва АҚШдаги ўзбек ҳамшираси билан шу саволни атрофлича муҳокама қилди. Уларнинг фикрича, ўзбекистонликлар бугун коммунал хизматлар, озиқ-овқат, хизмат кўрсатиш нархлари юқорилигидан нолийди. Шунингдек, даромадининг камида 40 фоизини олган қарзларига сарфлайди.

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридан онлайн суҳбатда қатнашган иқтисодчи Валижон Тўрақуловга кўра, бундай статистикалар инсонлар ҳаётида акс этади. Лекин ўртача иш ҳақи ҳар бир фуқарони ифодаламайди.

“Масалан, корейсларнинг ҳам ҳаммаси ойига 3-4 минг доллар топмайди, Ўзбекистонда эса қишлоқларда йиллик даромади 500 АҚШ долларига ҳам етмайдиганлар анчагина. Лекин ўртача иш ҳақи ҳисобланганда ҳамма шунақа маош олади деб тушуниш хато. Шунинг учун медиан ҳисоблашдан фойдаланиш ва маошларни кичигидан каттасига қараб тартиблаш, ўртадаги қийматни олиш реалроқ вазиятни ифодалайди”, дейди иқтисодчи.

Жамиятшунос Маҳмуд Йўлдошев фикрича, аксарият ўзбекистонликлар ўз даромадидан қониқмайди ва хорижга интилади. Бундан ташқари, пенсионерлар жамиятда энг аҳволи оғир кишилар бўлиб қолмоқда. Айниқса, ҳаёти чорвага боғланиб қолганларда вазият оғир, дейди Йўлдошев.

“Масалан, узоқ йиллардан бери Жиззахда маош кам ва бу давомий. Сабаби – жиззахликлар савдо-сотиқни яхши билмайди, кўпчилиги чорвага боғланиб қолган. Чорва эса йилига бир марта болалайди, вазият қолган ҳудудларга қараганда оғирроқ”, дейди жамиятшунос.

Нилуфар Салимова 18 йилдан бери АҚШда яшайди. Ҳозир яна университетда ўқимоқда, лекин яқингача Ню Йоркда энг машҳур ва маош энг юқори тўланадиган касалхоналардан бирида ишлаган. Даромадим йилига 150 минг АҚШ доллари эди, дейди у.

“Аниқ биламан, Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари ва айниқса, ҳамшираларга жуда кам пул тўланади. АҚШда эса ҳамширалар штатига ва қанча ишлашига қараб йилига 50 мингдан – 150 минг АҚШ доллари ва ундан юқори ҳам маош олишади. Мен тўлиқ штатда ҳафтасига 3 кун ишлардим ва маошим йилига бонуслари билан 150 минг АҚШ доллари атрофида чиқарди. Бу бир ҳамшира оиласи учун ва жуда яхши яшаши учун етарли миқдор”, дейди Салимова.

Лекин учала суҳбатдош фикрича ҳам бугун ҳар ерда одамлар озиқ-овқат нархларининг қимматлиги, хизмат кўрсатиш, транспорт ва дастлабки эҳтиёжлар нархи ошиб кетганидан қийналмоқда. Айниқса, Америкада охирги вақтларда озиқ-овқат нархлари жуда қимматлаган.

“Ойига ҳисоблаганда 12,500 АҚШ доллари маош чиқса, солиқлардан кейин қўлимга 9000 олардим. Шунинг ҳаммаси харажатларимга кетади, сабаби оиламиз 5 кишидан иборат, 3 нафар фарзандим бор. Одамлар доим катта маошга қарайди, лекин бизда катта харажат ҳам бор”, дейди бугун Ню Жерсида яшаётган Нилуфар Салимова.

Иқтисодчи Тўрақуловнинг қўшимча қилишича, ўзбекистонликлар бугун даромадининг катта қисмини қарзига ёки кредитига тўлашдан ташқари ижара, кундалик харажатлар, оилавий чиқимлардан пул орттира олмаяпти. Айниқса, ёш оилалар даромадининг камида ярмини ижарага беради, қолгани эса таълим ва кундалик харажатларга кетади. Давлатнинг бу ўринда роли муҳим, чунки ҳар бир индивиднинг иқтисодий ҳолати охир-оқибат давлатнинг иқтисодий аҳволини шакллантиради, дейди у.

Спикерларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳам аҳоли энг кўп пул сарфлаётган йўналишларда давлат дастурларини йўлга қўйиши керак. Масалан, хусусий мактаблар билан бир қаторда худди шундай муассасаларда моддий аҳволи номутаносиблар ҳам бориши, доимий ижарада яшовчилар, фарзандларини тўгаракларга берувчилар, тиббиёт учун давлат ижтимоий дастурларини эълон қилиш вақти келган.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасидан тўлиқ томоша қиласиз.