Фарғона тумани Чимён қишлоғининг Бой маҳалласида яшовчи Илёсбек Нўмонов хонадонидаги 3 сотих томорқасида лаванда ўсимлиги етиштиришни йўлга қўйди. Бир йилда икки маротаба олинадиган ҳосилдан хушбўй ёстиқлар тикилиб ички бозорларга сотиляпти. Оилада 100 дан ортиқ зотдор товуқ ҳамда тўтиқушлар ҳам парвариш қилинади.
Тадбиркорнинг айтишича, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вакиллари хонадонда бўлиб, лаванда етиштириш ва унга асосланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятига қизиқиш билдиришган.

“3 сотих томорқамизда мевали дарахтлар, помидор экиб кўрдик, кутилганидек натижа бўлмади. Онамга помидорни бозордан сотиб олиб бераман, ўрнига хушбўй лаванда деган ўсимлик бор экан, экамиз, деб кўндирдим.

2023 йилда 200 туп лаванда кўчати олиб келиб 3 сотих ерга экдим. Лаванда гулидан ёстиқчалар, шифобахш дамламалар олиш мумкинлигини кейин билдим. Ўтган йилдан ҳосил беришни бошлади. Бир йилда икки марта ҳосил ола бошладик.

Энг асосийси, бу ўсимлик қишда ҳам кўкариб турар экан. Қишда ҳам ҳовлингиз яшнаб туради. Эрталаб уйқудан уйғониб ташқарига чиққанингизда тоғнинг ҳавоси уфуриб туради. Асаблар ҳам дам олади. Мана энди лаванда гулидан олиб ёстиқ, дамламалар тайёрлаб сотяпмиз.


Лаванда ҳосилини четга экспорт қилишни режа қилиб турибмиз. Яқинда Япониядан JICA ташкилоти делегацияси келиб қизиқишларини билдиришди. Улар самолёт ўриндиғига ёстиқча тайёрлаб беришимизни таклиф қилишди. Даромад келтирадиган гулни топиб олдик. Мақсадимиз лавандазорни кенгайтириш.


Бундан ташқари тўти туридаги қушларимиз бор. Юзтадан ошиқ “Қора шаҳзода” товуқларимиз бор, улардан тухум келиб туради. Нима демоқчиман? Шу кичиккина ҳовлимиздан йилига 150-200 миллион сўм даромадимиз бор бугунги кунда”, – дейди Илёсбек Нўмонов.










