Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект экотизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакат сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро рейтингда 25 поғона юқорилаб, 62-ўринни эгаллаган. Энди 2030 йилга қадар ушбу рейтингда Ўзбекистонни энг илғор 50 давлат қаторига олиб чиқиш режалаштирилган.

Бунинг учун сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулот ва хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш, ҳисоблаш инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда 200 дан ортиқ янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Тақдимотда замонавий ҳисоблаш инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган ой «Рақамли ҳукумат» дата-марказида NVIDIA технологиялари асосидаги суперкомпютер ишга туширилгани, унинг қуввати бўйича жаҳон рейтингида 321-ўринни эгаллагани қайд этилди. Мавжуд кластерни кенгайтириш учун қўшимча 70 миллион доллар йўналтириш таклиф этилди.

Президент соҳада сифатли маълумотлар базасини шакллантириш, вазирлик ва идоралардаги маълумотларни тартибга солиш, жорий йилнинг ўзида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект асосидаги лойиҳалар сонини 100 тадан ошириш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, IT Park резидентлари, стартаплар ва сунъий интеллект лабораториялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, соҳада кадрлар тайёрлашни кучайтириш, «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳасини тўлиқ амалга ошириш ҳамда барча ҳудудларда соҳавий хакатон ва танловларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Тақдимот якунида мутасаддиларга ҳисоблаш қувватларини изчил ошириш, амалий лойиҳаларни кўпайтириш, иқтидорли ёшлар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.