Буюк Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетиядаги давом этаётган ҳарбий иштироки халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда 2008 йил 12 августда имзоланган олти бандли тинчлик келишуви бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларига зид экани таъкидланган.
Ҳужжат муаллифлари Россия томонидан Гуржистоннинг мазкур ҳудудларини ҳарбийлаштириш мамлакат хавфсизлигига, шунингдек, минтақавий ва Европа барқарорлигига жиддий таҳдид солаётганини қайд этди.
Баёнотда айтилишича, Россия 2026 йил 9 май куни Жанубий Осетиянинг де-факто раҳбарияти билан «иттифоқчилик ва интеграцияни чуқурлаштириш тўғрисидаги келишув»ни имзолаш орқали Гуржистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини янада бузган.
Шунингдек, Россия фуқаросининг Жанубий Осетия раҳбари этиб тайинланиши минтақа тўлиқ аннексия қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтиргани таъкидланган. Баёнот муаллифлари бундай ҳаракатлар жавобсиз қолмаслигини билдирган.
Британия, Германия, Франция ва Италия Гуржистоннинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасидаги суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, улар Абхазия ва Жанубий Осетия билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатларни Науру Республикаси мисолига эргашиб, ушбу ҳудудларнинг «мустақиллиги»ни тан олиш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Баёнотда Науру ўз вақтида мазкур қарорни бекор қилгани қайд этилган.











