Ўзбекистонда банклардан 500 АҚШ долларигача бўлган нақд чет эл валютасини шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз олиш мумкин бўлди. Тегишли ҳужжат 9 августдан кучга кирди.

Адлия вазирлиги ташаббуси билан қабул қилинган идоравий ҳужжатга кўра, энди банклардан 500 АҚШ долларигача нақд чет эл валютасини сотиб олишда паспорт, ID-карта ёки улар ўрнини босувчи бошқа ҳужжат талаб этилмайди.

Ўз навбатида, эквиваленти 500 АҚШ долларидан юқори миқдорда нақд валюта сотиб олишда эса шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Бунга қадар банклардан чет эл валютасини ҳужжатсиз сотиб олиш мумкин бўлган миқдор 100 АҚШ долларини ташкил қилар эди.

Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йилда аҳоли банкларга 21,7 млрд доллар миқдорида валюта сотган, 12 млрд доллар валюта сотиб олган. Жисмоний шахслар валюта операцияларининг ижобий салдоси (9,7 млрд доллар) ички валюта бозорида қўшимча таклиф яратган. Халқаро пул ўтказмалари аҳоли томонидан валюта сотувининг асосий манбайи бўлган.