Танловда кундалик ҳаёт, қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш, тиббий-ижтимоий соҳа ва рақамли иқтисодиёт учун зарур бўлган 10 та касб йўналиши қамраб олинди. Улар — тиббий ва ижтимоий ғамхўрлик, ошпазлик, қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари, электромонтаж, пайвандлаш технологияси, сантехника, мода технологиялари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, сартарошлик ва компьютер графикаси.

Танловга қизиқиш ҳам юқори бўлди. “Рақамли маҳалла” платформаси орқали 270 минг 518 нафар номзод рўйхатдан ўтди, уларнинг 124 минг нафардан ортиғи дастлабки саралашларда иштирок этди. Жараён мамлакатдаги 9 мингдан зиёд маҳаллани қамраб олди. Туман ва шаҳар, ҳудудий ҳамда республика босқичларидан иборат саралаш натижасида 700 нафар ёш республика босқичига етиб келди.

Якуний натижаларга кўра, ҳар бир касб йўналишида 2 нафар биринчи ўрин, 4 нафар иккинчи ўрин ва 6 нафар учинчи ўрин соҳиби аниқланди. Шу тариқа, 10 та йўналиш бўйича жами 120 нафар ғолиб ва совриндор тақдирланди. Уларнинг 20 нафари олтин, 40 нафари кумуш ва 60 нафари бронза медаль соҳиби бўлди.

Ғолибларга медаллар, сертификатлар ва бир марталик пул мукофотларини тасдиқловчи ваучерлар топширилди. Низомга мувофиқ, биринчи ўрин соҳиби — базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, иккинчи ўрин соҳиби — 15 баравари, учинчи ўрин соҳиби — 10 баравари миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Танловнинг яна бир муҳим жиҳати — ғолибни тайёрлаган устоз меҳнати ҳам алоҳида қадрланишидир. Биринчи ўрин соҳиби устозига 100 БҲМ, иккинчи ўрин соҳиби устозига 80 БҲМ, учинчи ўрин соҳиби устозига эса 60 БҲМ миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланган.

“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танловининг мақсади фақат ғолибларни аниқлаб, мукофотлаш билан чекланмайди. У ёшларнинг касб-ҳунарга қизиқишини ошириш, ўрта бўғин мутахассислари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, касбий маҳорат ва амалий меҳнатни рағбатлантиришга қаратилган. Танлов йўналишларининг иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжлар билан боғлангани ҳам унинг амалий аҳамиятини оширади.

Республика босқичи ғолиблари учун кейинги имконият халқаро майдон билан боғлиқ. Улар тегишли касблар бўйича, жумладан “WorldSkills International” мутахассислари иштирокида қўшимча тайёргарликдан ўтади. Халқаро чемпионатда иштирокчилар сони чекланган тақдирда қўшимча саралаш ўтказилиши мумкин. “WorldSkills” чемпионатида ғолиб бўлган иштирокчига эса 1 миллиард 30 миллион сўм миқдорида Президент мукофоти берилади.

Шу маънода, танловнинг илк мавсуми сантехник, пайвандчи, ошпаз, электромонтажчи, автомеханик, қурувчи уста ва бошқа амалий касб эгаларининг маҳорати ҳам мамлакат миқёсида муносиб эътироф, медаль ва катта мукофотга сазовор бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Танлов ёшлар орасида касб-ҳунар жозибадорлигини ошириш, меҳнат нуфузини юксалтириш ва иқтисодиётни замонавий амалий кўникмаларга эга мутахассислар билан таъминлашга хизмат қиладиган янги миллий тизим сифатида йўлга қўйилди.

Тақдирлаш маросими тадбирлари Uzbekistan’s Club профессионал жамоаси томонидан ташкил этилди.