Украина ҳужумида ўзбекистонликлар ҳалок бўлди
10 август куни Россиянинг Нижнекамск шаҳрида Украинанинг дрон ҳужуми оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди ва яна 39 киши жароҳатланди. Хусусан, ҳужумда Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқароси ҳам ҳалок бўлган. Бу сўнгги ойларда Россияда тинч аҳоли ўртасидаги энг оғир қурбонлар берилган ҳолатлардан бири бўлди.
Украина ҳарбийлари Татаристондаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба берганини ва объектда ёнғин қайд этилганини маълум қилган.
Россия терговчилари ушбу ҳолатни теракт деб баҳолаб, жиноят иши қўзғатган. Маълум қилинишича, Украина турар жой ҳудудларига зарба берган ва ҳалок бўлган тинч аҳоли орасида бир бола ҳам бўлган.
Қозондаги Ўзбекистон консуллиги Нижнекамскда ҳалок бўлганлар орасида етти нафар Ўзбекистон фуқароси борлигини тасдиқлади. Яна бир ўзбекистонлик олган жароҳатлари оқибатида кейинроқ вафот этди.
Ўзбекистон расмийларига кўра, улар қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган, яна бир нечта фуқаро жароҳатланиб, шифохонага жойлаштирилган.
Шунингдек, ҳужумда Тожикистоннинг ҳам бир нафар фуқароси ҳалок бўлган. Маҳаллий ОАВга кўра, 13 қурбоннинг тўққиз нафари зарба пайтида ётоқхонада бўлган.
Колумбияда зилзила
Душанба тонгида Колумбияда 7,4 магнитудали — сўнгги йиллардаги энг кучли зилзилалардан бири содир бўлди. Оқибатда камида 132 киши ҳалок бўлди ва мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Қурбонлар сонининг ортиши эҳтимоли бор, чунки кўплаб одамлар қулаган бинолар остида қолиб кетган.
Расмийларга кўра, ўлим ҳолатларининг кўпчилиги Колумбиянинг қаҳва етиштирувчи минтақасидаги Перейра шаҳрида қайд этилган. Унинг атрофидаги бошқа шаҳарлар ҳам жиддий талафот кўрган. Ер силкинишлари оқибатида 480 дан ортиқ одам жароҳатланган.
Маҳаллий расмийлар шаҳар агломерациясида 65 та бино қулаб тушгани ҳақида хабар берди. Улардан 15 тасининг остида одамлар қолиб кетган деб тахмин қилинмоқда. Эпицентрдан тахминан 200 км узоқликда жойлашган Кали шаҳрида эса ўттиз иккита бино қулаб тушди.
Бир нечта минтақавий аэропортларга зарар етган. Пойтахт Боготада биноларда ёриқлар пайдо бўлган, бироқ ҳозирча шаҳар инфратузилмасига жиддий шикаст етгани ҳақида маълумот йўқ. Ер силкинишлари қўшни Венесуэла, Эквадор ва Панама каби узоқ ҳудудларда ҳам сезилган.
Ушбу зилзила қўшни давлат — Венесуэла шимолини вайрон қилган ва 6300 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган зилзилалардан қарийб икки ой ўтиб содир бўлди.
Трамп Эрондан товон сўради
АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни Эрон — урушлар, ҳужумлар ва намойишларда ҳалок бўлганлар учун товон пули тўлаши кераклигини айтди.
«Биз улар 50 йил давомида етказган зарари учун пул сўраймиз. Шундай қилиб, агар тўланиши керак бўлган зарарлар бўлса, ўйлайманки, Эрон бу зарарларни тўлаши керак», деди Трамп. Унинг айтишича, тўловлар минтақадаги тинч намойишчилар ва АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги ўлим ҳолатларини қоплайди.
Трампнинг илгари айтмаган ушбу таклифи — Теҳроннинг товон пули тўлаш ва санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги талабларига жавоб бўлди. Аммо Эроннинг талаблари осмондан олинмаган, балки июн ойида имзоланган ва кейинчалик барбод бўлган тинчлик келишуви шартларига мос келади.
Бу риторик кескинлашув Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш борасидаги ҳаракатларни қийинлаштириши кутилмоқда.
Феврал ойида уруш бошланганидан бери Трамп бир неча бор ўзгарувчан позицияда бўлиб келмоқда.
2025 йил охиридаги намойишларга тўхталар экан, Трамп Эрон ўшанда 52 мингга яқин намойишчини ўлдирганини айтди. Аммо АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари феврал ойидаги тартибсизликларда 7 мингга яқин одам, жумладан, 6,5 минг намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.
Феврал ойида уруш бошлаган Трамп намойишчиларни Эрон ҳукуматини ағдаришга ҳам чақирганди.
Туркияда курд жангарилари учун амнистия
Туркия парламенти «Курдистон ишчилар партияси» (КИП) жангарилари учун чекланган ва маълум шартларга боғлиқ амнистия тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Қонунда 27 йилдан бери қамоқда сақланаётган, «Курдистон ишчилар партияси» асосчиси Абдулла Ўжаланнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай кўрсатма йўқ.
Ҳужжат курд жангариларининг Туркияда тинч ҳаётга қайтишига йўл очадиган механизмни назарда тутади. Шунга асосан, бир қатор жиноятлар учун жиноий таъқиб ва жазоларни ижро этиш – 5 йилдан 10 йилгача муддатга тўхтатилади. Агар ушбу давр мобайнида янги жиноятлар содир этилмаса, жазолар ўталган деб ҳисобланади. Қотиллик каби оғир жиноятлар ушбу амнистиядан мустасно қилинади.
Турк депутатларига кўра, биринчи босқичда Туркия қамоқхоналарида сақланаётган Курдистон ишчи партияси тарафдорларининг 3500 га яқини озод этилиши мумкин.
Бу қоидалар фақат – партия ва унга алоқадор кучлар тарқатиб юборилгани, шунингдек, улар қуролларини топширгани тасдиқлангач қўлланиши мумкин.
Туркия президенти маъмурияти ушбу қонунни «терроризмсиз Туркия»ни қўллаб-қувватловчи «муҳим сигнал» сифатида олқишлади. Маъмурият бу ҳужжат «мамлакат бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлаши» кераклигини таъкидлади.
Айни пайтда курдлар агар Абдулла Ўжалан озод қилинмаса, қонуннинг кўплаб қоидалари кутилган натижани бермаслигини айтмоқда.
Сурия ва Россия келишуви
Сурия ва Россия ўртасида 18 ойлик қизғин музокаралардан сўнг, 9 август куни Тартус ва Хмеймимдаги Россия базалари бўйича англашув меморандумига эришилди.
Сурия ташқи ишлар вазирлигига кўра, расмий Дамашқ — фуқаролик объектларини, жумладан, Хмеймим аэропорти ва Тартус портидаги тижорат причалини бошқаришни ўз зиммасига олади. Бу уларнинг босқичма-босқич Сурия фуқаролик маъмурияти тизимига интеграция қилинишига имкон беради.
Шунингдек, ҳарбий объектлар ҳар икки томон манфаатларини ҳимоя қилувчи янги келишувларга асосан қўшма тайёргарлик ва малака ошириш марказлари сифатида қайта ихтисослаштирилади.
Россиянинг Тартусдаги ҳарбий-денгиз объекти ва Хмеймим авиабазаси узоқ вақт давомида Москванинг Яқин Шарқдаги асосий ҳарбий таянчи бўлиб келган.
2024 йил декабрда диктатор Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ушбу базалар келажаги Суриянинг янги раҳбарияти билан музокаралар мавзуси бўлиб келмоқда.
АҚШ 175 минг визани бекор қилди
АҚШ давлат департаменти президент Доналд Трамп маъмурияти даврида чет эл фуқароларининг 175 мингдан ортиқ визаларини бекор қилганини маълум қилди. Департамент ўз баёнотида визаларнинг бекор қилиниши «жиноят содир этган, АҚШ фуқароларига қарши зўравонликка чақирган, америкаликларни фирибгарлик йўли билан алдаган, тизимни суиистеъмол қилган ёки миллий хавфсизликка хавф туғдирган» чет элликларга қаратилганини таъкидлади.
Аксарият визалар — ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан «тўқнашувлар»дан сўнг бекор қилинган. Расмийлар бир қанча аниқ жиноятларнинг тафсилотларини ҳам келтирган.
Январ ойида департамент ўша вақтдаги рекорд кўрсаткич ҳисобланган 100 мингдан ортиқ визани бекор қилганини билдирган эди.
Визаларнинг бекор қилиниш кўлами — қонуний визага эга бўлганларни ҳам депортация қилишга қаратилган кенг қамровли иммиграция чекловларини акс эттиради. Маъмурият, шунингдек, ижтимоий тармоқларни текшириш ва назоратни кенгайтириш орқали визалар бериш бўйича ҳам қатъийроқ сиёсатни қабул қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар Трамп маъмуриятининг ижтимоий тармоқларни текшириш бўйича саъй-ҳаракатларини қоралаган. Уларнинг айтишича, бу сўз эркинлигига таҳдид солади ҳамда муҳожирларни кузатиш ва ажратиб кўрсатиш билан баробардир.








