Бугун, 11 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ёпиқ суд мажлиси якунида Азиз Ҳакимовга (1975 йилда туғилган, маълумоти – олий, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) доир жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Судланувчининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида (урушни тарғиб қилиш) назарда тутилган жиноят таркиби бўлмагани сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан оқланди.
Шу билан бирга, Азиз Ҳакимов Жиноят кодекси 139-моддасининг 2-қисмида (туҳмат), 140-моддасининг 2-қисмида (ҳақорат қилиш) ҳамда 156-моддасининг 2-қисмида (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 4 (тўрт) йил, 2 (икки) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан Рақамли технологиялар вазирлигига судланувчи томонидан юритилган «Telegram» мессенжеридаги «Comrade_Aziz» каналини блоклаш мажбурияти юклатилди.
Бундан ташқари:
иш бўйича 6 (олти) нафар жабрланувчига ўзларига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этиш;
судланувчига ҳукмга нисбатан юқори суд инстанциясига шикоят бериш муддати ва тартиблари тушунтирилди.
Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси суверенитетига қарши чиқишлар ва совет даври тарғиботи билан шуғулланган. Шунингдек, унинг 1930-йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда 1920-йиллардаги миллий-озодлик кураши иштирокчилари хотирасини қоралаган чиқишлари ҳам тармоқларда жиддий баҳслар ва норозиликларни юзага келтирган. У Тошкент шаҳрида «Ўлмас полк» тадбирларини ташкил этишда ҳам фаол иштирок этган.
2025 йил августида Азиз Ҳакимов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, журналист Шерзодхон Қудратхўжани камситгани учун жаримага тортилган, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари – 18 миллион 750 минг сўм миқдорида жарима белгиланганди.
Ундан жабрланганлардан яна бири, блогер Никита Макаренко Азиз Ҳакимовни СССРни улуғловчи ва Ўзбекистон мустақиллиги қадрини поймол қилувчи материаллар эълон қилишда айблаганди.
«Украинадаги урушни тарғиб қилувчи ҳамда фуқароларимизни хорижий қуролли кучларга ёллашга даъват этувчи материалларни фаол эълон қилиб келмоқда. Умид қиламанки, мутасадди идоралар ушбу ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳам тегишли ишларни қўзғатади», деб ёзганди Макаренко.
Кейинроқ, 2025 йил сентябр ойида у ҳибсга олинган ва бир неча модда бўйича айблов эълон қилинганди.
Судланувчининг ҳимоячиси Сергей Майоровнинг маълум қилишича, Ҳакимов апелляция бермайди. Қайд этилишича, тергов ҳибсхонасида ўтказилган давр ҳисобга олинса, Ҳакимов яна уч йилдан кўпроқ муддатни манзил-колонияда ўтайди.











