«Макка пакти Эронга қарши қаратилмаган»

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Макка пакти — Эрон ёки бошқа бирор давлатга қарши қаратилмаганини, балки уч иттифоқчи хавфсизлиги учун умумий кафолат бўлишини таъкидлади.

Унинг айтишича, Туркия, Саудия ва Покистон — ҳужум содир бўлган тақдирда қандай даражада, қандай шакл ва форматда ёрдам сўрашларини маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилади. Аммо аъзо давлатга ҳужум қилинмагунча ҳеч бир давлат таҳдид деб ҳисобламайди.

Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида имзоланган мудофаа пакти техник жиҳатдан НАТОнинг ўзаро мудофаа тўғрисидаги 5-моддасига тенгдир.

5-модда бу — Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотининг энг муҳим ва асосий тамойили бўлиб, НАТОга аъзо ҳар қандай давлатга қилинган қуролли ҳужум ташкилотнинг барча аъзоларига ҳужум деб баҳоланади.

Фидан, шунингдек, пакт бошқа минтақавий мамлакатлар учун ҳам кенгайишга очиқлигини ва мавжуд алянслар ўрнини босишга интилмаслигини маълум қилди.

«Президент Эрдўғаннинг қараши шундан иборатки, биз фақат учта мамлакат билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Аксинча, кенгайишимиз ва барча (минтақавий) мамлакатларни ушбу том остида бирлаштиришимиз керак». Унинг айтишича, маълум техник масалалар ҳал қилингач, Миср ҳам пактга қўшилиши мумкин.

У алянс доирасида НАТОдагига ўхшаш вазирлар қўмитаси, шунингдек, Саудия Арабистонида жойлашган бош котибият ташкил этилишини, бироқ операцион тафсилотлар қўмитанинг биринчи йиғилишида белгиланишини билдирди.

Эрондаги уруш ва Яқин Шарқ минтақасида авж олган кескинлик фонида 7 август куни Туркия, Саудия ва Покистон етакчилари «Макка қўшма мудофаа келишуви»ни имзолаганди. Қўшма баёнотга кўра, ушбу келишув ҳар қандай тажовуз ҳаракатига қарши жамоавий тийиб туришни кучайтиради ҳамда учта давлатдан бирортасига қилинган қуролли ҳужум барчага қилинган ҳужум деб баҳоланишини белгилайди.

Ҳўрмузни очиш бўйича шартлар

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи якшанба куни Ўмон билан Ҳўрмуз бўйича келишув ўзининг «якуний босқичида» эканини айтди. Бироқ стратегик сув йўли қайта очилишидан олдин АҚШ бир қанча шартларни бажариши кераклигини таъкидлади.

Арақчига кўра, бўғознинг қайта очилиши қисман АҚШнинг Эронга қилинган ҳужумлар пайтида етказилган зарар учун компенсация тўлашига боғлиқ. Эроннинг бошқа расмийлари эса АҚШнинг Теҳронга ва унинг иттифоқчилари кейинги тажовузларини тўхтатиш; денгиз қамалини олиб ташлаш; санкцияларни бекор қилиш ҳамда музлатиб қўйилган Эрон активларини озод қилишни ҳам рўйхатга киритди.