АҚШ-Эрон уруши
Уруш тугаши истиқболлари хира тортаётган бир пайтда, АҚШ ва ҳусийлар сешанба куни кемаларга қилинган алоҳида ҳужумлар ҳақида хабар берди.
Қизил денгизнинг жанубий қисмида, Боб ал-Мандаб бўғозида сешанба куни кичик юк кемасига қилинган ҳужум оқибатида экипажнинг тўрт аъзоси ҳалок бўлди. Шунингдек, Ямандаги ҳусийларга қарши ҳарбий гуруҳнинг икки қутқарувчиси ҳам ҳалок бўлган. Ҳужумга учраган «Tihamah» кемаси Мисрга тегишли бўлган.
Ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғозида ҳарбий техника олиб кетаётган Саудия кемасига ҳужум қилганини билдирди. Саудия Арабистони бу хабарга муносабат билдирмади.
Кеча, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари вертолётдан Панама байроғи остидаги юк кемасига иккита «Hellfire» ракетасини учирди.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг таъкидлашича, кема денгиз қамалини бузишни тўхтатиш бўйича такрорий огоҳлантиришларга эътибор бермаган. Денгиз хавфсизлиги бўйича манбалар кемага Уммон кўрфазига сузиб кираётган пайтда, Покистон қирғоқлари яқинида зарба берилганини айтмоқда.
Сўнгги икки кун ичида Эрон ҳам, Қўшма Штатлар ҳам ўз риторикасини кескинлаштирди.
Якшанба куни Эрон ҳарбий қўмондонларидан бири «Америка ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмас ва Эроннинг шартларини қабул қилмас экан, Ҳўрмуз бўғози очилмаслигини» айтганди.
Эрондаги Муҳофизлар корпуси қўмондони маслаҳатчиси Муҳаммад Ризо Нақдий эса сешанба куни корпус «душман ҳудудида» операциялар ўтказиш қобилиятини ривожлантираётганини айтди. «Биз қачонки зарурат туғилса ва буйруқ берилса, операцияларни душман ҳудудига кўчира олишимиз керак. Бу эришилиши керак бўлган ҳужумкор доктринанинг ўзига хос хусусиятидир», деди у.
Оҳайода журналистларга гапирган Трамп эса «Эронда ҳаммаси яхши кетаётганини» айтди.
«Биз Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ назорат қиляпмиз.Бошқа ҳеч ким эмас, фақат биз. Агар ўйлаб қарасангиз, 51 йил давомида Яқин Шарқнинг зўравони бўлиб келган давлат бор... ва улар энди Яқин Шарқ зўравони эмас», деди у.
Россия-Украина уруши
Украина ва Россия кеча тунда ҳам бир-бирига зарба беришни давом эттирди. Президент Зеленский эса Москвани Шимолий Корея ракеталаридан фойдаланишда айблади.










