Lexus саккизинчи авлод ES седанининг янгиланган версиясини тақдим этди. Бренд матбуот хизматининг хабар беришича, 2027 йилги модел гибрид ва тўлиқ электр версияларида тақдим қилинади.

Шундай қилиб, ES моделлари қаторидан қуйидагилар ўрин олган:

  • 2,5 литрли тўрт цилиндрли двигател ва олтинчи авлод гибрид тизимига эга ES 350h гибрид версияси. Куч қурилмасининг умумий қуввати 244 от кучига тенг. У олд ғилдиракларга ва тўлиқ узатмали (АWD) кўринишида мавжуд: AWD версиясининг орқа ўқига 54 от кучига эга қўшимча электромотор ўрнатилган.
  • ES 350e ва ES 500e электр версиялари. Моделлар ягона платформа, салон поли остида жойлашган 74,7 кВт·соат сиғимли батарея ҳамда олд (ES 350е) ёки олд ва орқа (ES 500е) ўқларга ўрнатилган электромотордан фойдаланади.

Версиялар орасидаги конструктив фарқлар: гибрид моделларда ёнилғи баки қопқоғи, электр моделларда эса зарядлаш порти мавжуд; BEV версияларининг олд қисми дизайни минимал ҳаво ютгичлар билан силлиқроқ услубда ишланган.

Янги ES’нинг барча версиялари қуйидагилар билан жиҳозланган:

  • 12,3 дюймли рақамли асбоблар панели дисплейи;
  • 14 дюймли сенсорли экранга эга Lexus Interface мультимедиа тизими;
  • Lexus Safety System+ 4.0 фаол хавфсизлик мажмуаси (тўқнашувларнинг олдини олиш тизими, адаптив круиз-назорат, ҳаракатланиш бўлагида ушлаб туриш ёрдамчиси, йўл белгиларини таниб олиш ва бошқа функцияларни ўз ичига олади).

Lexus ES’нинг 350h Premium базавий гибрид версиясидаги нархи 51 200 доллардан бошланади. Максимал комплектациядаги электр версия (500е Luxury АWD) эса 60 405 долларга баҳоланмоқда.

Янги авлод Lexus ES биринчи марта 2025 йилда Шанхай автосалонида намойиш этилган. Унинг дизайни еттинчи авлод моделига нисбатан сезиларли даражада ўзгарган — автомобил ES сериясида аввал учрамаган ўткир қирралар ва урғуларга эга бўлди. Шунингдек, автомобилни анъанавий ички ёнув двигатели билан жиҳозлаш тўхтатилди, унинг ўрнига автомобил гибрид ёки тўлиқ электр версияли бўлди.