Украина Россияда парламент сайловларидан кейин сафарбарликнинг икки янги тўлқини ўтказилиши эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Володимир Зеленский 11 август куни фуқароларга йўллаган анъанавий кечки видеомурожаатида маълум қилди.
Зеленский ўз баёнотида Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Олег Ивашченконинг ҳисоботига таянган.
Украина президентининг айтишича, Киев қўлидаги разведка маълумотлари Россияда сайловлардан кейин кенг кўламли сафарбарлик ўтказиш режаси мавжудлигини кўрсатмоқда. У бу маълумотлар “Россиянинг ички ҳужжатлари” билан ҳам тасдиқланаётганини даъво қилди.
Бироқ Зеленский айнан қандай ҳужжатлар ҳақида гап кетаётгани ва уларда қандай маълумотлар келтирилганига аниқлик киритмади.
Икки босқичда сафарбарлик ўтказилиши айтилмоқда
Зеленскийнинг даъвосига кўра, Россия раҳбарияти Давлат думаси сайловларидан сўнг йил охирига қадар қўшимча равишда бир неча юз минг кишини тезкор сафарбар қилишни режалаштирмоқда.
Украина президентининг таъкидлашича, шунга яқин миқдордаги яна бир сафарбарлик 2027 йилда амалга оширилиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, бу режа Россияда контракт асосида ҳарбий хизматга фуқароларни жалб қилиш бўйича ҳозир амалга оширилаётган чораларга қўшимча ҳисобланади.
Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг режаси “унчалик мураккаб эмас”лигини айтиб, Москва аввал сайловлар орқали аҳоли урушни қўллаб-қувватлаётгандек тасаввур яратишга, шундан сўнг эса қўшимча сафарбарлик ўтказишга ҳаракат қилаётганини даъво қилди.
Украина махсус хизматларига вазифа берилган
Украина раҳбари Киев Россиянинг эҳтимолий сафарбарлик режаларига қарши чоралар кўришга тайёрланаётганини ҳам маълум қилди.
Унинг айтишича, Украина раҳбарияти Россия учун бундай режаларни амалга оширишни “имкон қадар қийинлаштириш” мақсадида ҳаракат қилади.
Зеленский шу муносабат билан Украина разведка идоралари ва махсус хизматларига тегишли вазифалар берилганини билдирди. Бироқ ушбу вазифалар нималардан иборат экани очиқланмади.
Россия Давлат думасига навбатдаги сайловлар 2026 йил 18–20 сентябр кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Айни пайтда Зеленский келтирган сафарбарлик режалари Украина разведкаси маълумотларига асосланган даъво бўлиб, Россия томонининг ушбу маълумотларга муносабати келтирилмаган.












