Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари Фитрат ва Гейдар Алиев кўчалари чорраҳасидаги транспорт оқимини ўрганиб, автомобиллар энг кўп тўпланадиган йўналишларни аниқлади. Таҳлил натижалари асосида светофорнинг ишлаш вақти мавжуд транспорт юкламасига мослаштирилди.
Аввал светофор циклининг биринчи фазаси 35 сония, иккинчи фазаси эса 28 сония давом этган. Янги тартибга кўра, энг гавжум йўналишда “яшил” чироқ вақти 35 сониядан 60 сониягача узайтирилди.
Шунингдек, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган автомобиллар энди бироз олдинроқ тўхтайди. Бу бурилаётган транспорт воситаларига манёврни хавфсиз якунлаш ва чорраҳани тезроқ бўшатиш имконини беради. Натижада светофорнинг бир цикли давомида кўпроқ автомобил ўтиши таъминланмоқда.
Марказ маълумотларига кўра, ўзгаришлар натижасида кундузги вақтда автомобиллар навбати сезиларли қисқарган, ҳаракат бир маромга тушган. Чорраҳадан ўтиш учун сарфланадиган вақт эса 2 дақиқагача камайган.
Айни пайтда ушбу ҳудуд яқинида темирйўл кесишмаси мавжудлиги сабабли поездлар ўтаётганда автомобиллар ҳаракати вақтинча тўхтайди. Бу эса айрим вақтларда чорраҳада қисқа муддатли транспорт тўпланишига олиб келиши мумкин.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари чорраҳадаги вазиятни кузатишда давом этмоқда. Шунингдек, эрталабки ва кечки тиғиз вақтлар учун светофорнинг алоҳида иш режимларини жорий этиш режалаштирилган.
Кейинги босқичда қўшни чорраҳалардаги светофорлар ҳам қайта созланиб, улар ягона “Яшил тўлқин” тизимига уланади. Ушбу тизим рухсат этилган тезликда ҳаракатланаётган автомобилларга бир нечта чорраҳадан кетма-кет “яшил” чироқда ўтиш имконини бериши кутилмоқда. Бу транспорт воситаларининг ортиқча тўхташини камайтириш ва йўллардаги ҳаракатни янада равонлаштиришга хизмат қилади.











