«Яшил тўлқин» тизимида светофорлар ўзаро мувофиқлаштирилади. Рухсат этилган тезликда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар навбатдаги чорраҳалардан ҳам яшил чироқда ўтиш имконига эга бўлади. Бу йўлдаги тўхташлар сонини камайтиради.

Тизим кун давомида транспорт оқимининг асосий йўналишига қараб икки режимда ишлайди:

  • 07:00–17:00 — марказ томон ҳаракатланаётган транспорт учун;

  • 17:00–24:00 — марказдан чиқиш йўналишидаги транспорт учун.

Бироқ «яшил тўлқин» барча чорраҳалардан тўхтамасдан ўтишни кафолатламайди. Светофорлар пиёдалар ва кесишувчи кўчалардаги автомобиллар учун ҳам вақт ажратади. Шу сабабли ҳайдовчи айрим чорраҳаларда қизил чироққа тўхташи мумкин.

Тўлқинга мос ҳаракатланиш учун тезликни ошириш талаб этилмайди. Аксинча, белгиланган тезликдан ошиш кейинги светофорнинг қизил чироғига эртароқ етиб боришга олиб келиши мумкин.

Тўхташ ва қайта тезлашишларнинг камайиши ёқилғи сарфи ҳамда ҳавога чиқариладиган зарарли газларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Қайд этилишича, вақт тежалишига оид рақамлар тизимнинг самарасини баҳолаш учун тиғиз бўлмаган пайтда ўлчанган. Транспорт оқими кўпайган соатларда эса йўлга кетадиган вақт ҳаракат жадаллиги ва амалдаги йўл вазиятига қараб фарқ қилиши мумкин.