Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Украина америкалик музокарачиларга Россия билан урушни тугатиш режаси юзасидан таклифларни топширган. Шунингдек, у Россия келаси ойда бўлиб ўтадиган парламент сайловидан янги сафарбарлик эълон қилиш учун баҳона сифатида фойдаланишини тахмин қилди. Бу ҳақда у кечки видеомурожаатида айтиб ўтди.

«Биз ўз таклифларимизни Америка томонига топширдик. Қўшма Штатлар мудофаамизни, аввало, ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасида мустаҳкамлашга ёрдам бериши ҳамда Россияга урушни давом эттиришга эмас, балки уни тугатишга тайёргарлик кўриш учун ўз режаларини ўзгартиришга мажбурлаш мақсадида босим ўтказиши мумкин», деб таъкидлади давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Украина разведкасида Россия жанговар таркибни тўлдириш мақсадида янги сафарбарлик эълон қилиш учун сентябрь ойидаги сайловдан фойдаланишига оид далиллар мавжуд.

«Улар кузда, парламент сайлови саҳналаштирилиши биланоқ, сафарбарликка тайёргарлик кўрмоқда. Сўнгра, «сайлов» деб аталувчи тадбирдан кейин у (Путин) йил охиригача қўшимча бир неча юз минг россияликни, келаси йили эса яна шунчасини тезкор сафарбар қилишни режалаштирмоқда», деди Зеленский. У бу «гўёки россияликлар урушни қўллаб-қувватлаётгандек тасаввур уйғотиш» режасининг бир қисми эканини қайд этди.