Узоқ йиллар давомида Шимолий Корея тунги сунъий йўлдош суратларида деярли қоронғи ҳудуд сифатида кўриниб келган. Электр таъминотидаги узилишлар туфайли мамлакат шаҳарларида ёритиш даражаси жуда паст эди.
Бироқ NK News маълумотларига кўра, 2020 йил апрелидан бошланган олти йиллик даврда Пхенян марказида ёритилган ҳудуд майдони икки баробардан зиёд кенгайган, ёруғлик интенсивлиги эса уч баравар ошган.
Нашр буни Шимолий Корея ҳукумати пойтахт марказидаги янги бинолар ва йўл инфратузилмасини электр энергияси билан таъминлашга устувор аҳамият бераётганининг белгиси сифатида баҳолайди. Бу орқали ҳукумат иқтисодий ютуқларни намойиш этишга интилаётгани айтилмоқда.
Пхенянда 50 мингта янги хонадон
2021 йил январда бўлиб ўтган Корея Меҳнат партиясининг VIII съездида Ким Чен Ин Пхенянда 50 мингта янги квартира қуриш режасини эълон қилган эди.
Бу режа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, янги Хвасон мавзесида иккита 40 қаватли турар жой биноси қурилган. Уларнинг ташқи кўриниши Шимолий Кореянинг «Хвасон» қитъалараро баллистик ракеталарини эслатади.
Сўнгги йилларда Пхеняннинг умумий қиёфаси ҳам сезиларли ўзгарган. Шаҳарга узоқ йиллардан бери ташриф буюриб келаётган кузатувчилар пойтахт тобора замонавийлашиб бораётганини қайд этмоқда.
Импорт автомобиллари, жумладан, Хитой электромобиллари кўпайган. Аҳоли смартфон иловалари орқали QR-код билан тўлов қилиш ва такси чақириш хизматларидан фойдаланмоқда. Ғарб кийим-кечак ва косметика брендларини таклиф қилувчи савдо марказлари ҳам пайдо бўлган.
Янги шифохона, иссиқхона ва 20 минг кишилик курорт
Пойтахтда мамлакатдаги энг йирик поликлиника ҳамда майдони Ню-Йоркдаги Марказий паркка тенглаштирилаётган йирик иссиқхона мажмуаси қуриб битказилган.
Шимолий Кореянинг шарқий соҳилида эса Ким Чен Ин бир йил аввал Вонсан-Калма туристик мажмуасини очган. У беш километрлик соҳил ва бир вақтнинг ўзида 20 минг меҳмонни қабул қилишга мўлжалланган меҳмонхоналар мажмуасини ўз ичига олади.
Манбада қайд этилишича, The Wall Street Journal икки ой аввал Шимолий Кореядаги жараёнларни «улкан иқтисодий муваффақият тарихи» сифатида таърифлаган.
Россия билан ҳарбий ҳамкорликдан миллиардлаб доллар
Таҳлилчилар Пхеняндаги бу кескин иқтисодий фаоллашувнинг асосий молиявий манбаларидан бири Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ даромадлар эканини тахмин қилмоқда.
Сеулдаги Миллий хавфсизлик стратегияси институти (INSS) март ойида эълон қилган ҳисоботга кўра, Шимолий Корея Россияга ўқ-дори сотиш ва жанг ҳудудига ўз ҳарбийларини жўнатиш орқали 7,7 млрд доллардан 14,4 млрд долларгача даромад олган бўлиши мумкин.
Bloomberg Economics ҳисоб-китобига кўра эса, КХДРнинг Россияга ҳарбий ёрдами 2022–2025 йилларда мамлакатга 14 млрд доллардан зиёд маблағ келтирган.
Яна қарийб 8 млрд доллар Хитой билан савдо, шимолий кореялик ишчиларни хорижга юбориш, экспорт операциялари ва кибержиноятчиликдан тушгани айтилмоқда.
Таққослаш учун, мақолада Шимолий Кореянинг ўтган йилги ялпи ички маҳсулоти 27 млрд доллар атрофида бўлгани келтирилган.
Киберҳужумлар ҳам даромад манбаи сифатида кўрсатилмоқда
Шимолий Кореяга алоқадор деб ҳисобланадиган хакерлик гуруҳлари ҳам катта миқдорда криптоактивларни ўғирлашда айбланиб келади.
Жумладан, 2025 йил февралида Bybit криптоплатформасига уюштирилган йирик киберҳужум натижасида 1,5 млрд долларлик Ethereum ўғирланган. Ушбу ҳужум ортида Шимолий Корея хакерлари тургани тахмин қилинган.
«Ҳаммаси тубдан ўзгарди»
Россия билан яқинлашув Ким Чен Инга нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ҳам қўшимча имкониятлар бергани таъкидланмоқда.
Мақолада бунга КХДРнинг 5 минг тонна сув сиғимига эга иккита эсминецни сувга туширгани мисол қилинади. Таҳлилчилар фикрича, 15 йиллик ҳукмронлиги давомида Ким Чен Ин ҳозиргидек катта молиявий имконият ва сиёсий таъсирга эга бўлмаган.
2021 йилда Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси съездида иқтисодиётнинг «деярли барча тармоқлари кутилган натижани бермаганини» тан олган эди.
Орадан беш йил ўтиб, партиянинг IX съезди ўтказилган бино олдида 50 та янги юқори аниқликдаги 600 миллиметрли реактив залп ўт очиш тизими намойиш қилинди. Ким Чен Ин эса вазиятни «ҳаммаси тубдан ўзгарди» дея баҳолаган.
КХДР халқаро изоляциядан чиқяптими?
Россия билан шериклик ва Хитой билан муносабатларнинг кенгайиши Шимолий Кореянинг ташқи сиёсий мавқеига ҳам таъсир қилган.
Россия президенти Владимир Путин 2024 йил июнда КХДРга ташриф буюрган. Мақолага кўра, бир йилдан кейин Хитой раҳбари Си Цзинпин ҳам мамлакатга борган. 2026 йил мартда эса Ким Чен Ин Пхенянда Беларус раҳбари Александр Лукашенкони қабул қилган.
Бундан ташқари, 2025 йил сентябрда Ким Чен Ин Пекинда Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда Си Цзинпин ва Путин билан бирга қатнашган.
Шимолий Корея Россияга қанча қурол етказган?
Украина томони ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея 2024 ва 2025 йилларда Россияга зарур бўлган артиллерия снарядларининг қарийб ярмини етказиб берган.
Бундан ташқари, Пхенян Россияга ўзиюрар артиллерия қурилмалари, реактив залп ўт очиш тизимлари ва баллистик ракеталар етказиб бергани айтилмоқда.
Киев маълумотларига кўра, Пхенян Россия ҳудудига 90 нафар ҳарбийдан иборат ракета қўшинлари бўлинмасини, олтита учириш қурилмаси ва қарийб 120 та ракета жойлаштиришни режалаштираётган бўлиши мумкин.
Бу маълумотлар Украина томонининг даъволари бўлиб, мақолада уларнинг мустақил тасдиғи келтирилмаган.
Россияга 16–22 минг шимолий кореялик ҳарбий жўнатилгани айтилмоқда
Мақолада келтирилишича, 16 мингдан 22 минггача шимолий кореялик ҳарбий Россия томонида иштирок этган. Улар дастлаб Курск вилоятида Украина кучларига қарши операцияларда, кейин эса ҳудудни миналардан тозалаш ишларида қатнашгани айтилган.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин Россияга яна 30 мингдан 50 минггача ҳарбий юборишни режалаштирмоқда.
INSS маълумотларига кўра, Пхенян ҳар бир жўнатилган аскар учун ойига 2800 доллар, офицер учун 3000 доллар олади. Жангда ҳалок бўлган ҳар бир шимолий кореялик ҳарбий учун эса 6 мингдан 10 минг долларгача маблағ тўланиши айтилган.
Иқтисодий ўсишни оддий аҳоли сезмаяпти
Шу билан бирга, экспертлар Шимолий Кореядаги ҳозирги иқтисодий фаоллашув аҳолининг катта қисми турмуш даражасини сезиларли яхшиламаганини таъкидламоқда.
Озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва миллий валюта — Шимолий Корея вонининг қадрсизланиши хорижий валютага эга бўлмаган кам таъминланган аҳолига айниқса кучли таъсир кўрсатмоқда.
Айрим оилаларда аввалги турмуш даражасини сақлаб қолиш учун энди аёллар ҳам ишлашга мажбур бўлаётгани қайд этилган.
«20x10» дастури кутилган натижани бермаслиги мумкин
2024 йил баҳорида Ким Чен Ин «20x10» минтақавий ривожланиш дастурини бошлаган. Унинг асосий мақсади — 10 йил давомида ҳар йили 20 та шаҳар ва туманда замонавий енгил саноат корхоналарини қуриш.
Дастур орқали ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини ошириш ва Пхеньян билан вилоятлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни қисқартириш кўзланган.
Бироқ Сеулдаги Кукмин университети профессори, Шимолий Корея бўйича мутахассис Андрей Ланковнинг фикрича, «20x10» доирасидаги кўплаб лойиҳалар муаммоларга дуч келмоқда.
Унинг таъкидлашича, янги заводларда зарур инфратузилма етишмайди, уларни электр энергияси, бутловчи қисмлар ва хомашё билан таъминлаш тизими етарлича ўйлаб чиқилмаган.
Ланков ҳозирги иқтисодий ўсишни 2010-йиллар ўрталаридаги жараёнлардан фарқлаш кераклигини таъкидлайди. Унинг баҳосига кўра, бугунги ўсиш ички иқтисодий ислоҳотлар натижаси эмас, балки Шимолий Корея учун қулай ташқи шароитлар, биринчи навбатда Россия билан яқинлашув ҳисобига юзага келган.











