Германияда ҳарбий хизматга мажбур бўлган 23 ёшдан 60 ёшгача украиналик эркакларга вақтинчалик ҳимоя мақомини бериш тартиби ўзгартирилди. Бу ҳақда 13 август куни Германия Ички ишлар вазирлиги DW сўровига жавобан маълум қилди.
Европа Иттифоқи Кенгашининг яқинда қабул қилган қарорига мувофиқ, янги чеклов 2026 йил 31 июлдан бошлаб Германияга келган украиналик эркакларга тааллуқли бўлади.
Вақтинчалик ҳимоя мақомини олиш учун улар Украина ҳудудини қонуний асосда тарк этганини ёки ҳарбий хизматдан расман озод қилинганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак бўлади.
Янги тартиб Германияда аввалдан вақтинчалик ҳимоя мақомини олган украиналик эркакларга татбиқ этилмайди.
Бошпана сўраб мурожаат қилиш мумкин
Германия Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, вақтинчалик ҳимоя олиш учун асосга эга бўлмаган, аммо мамлакатда қолишни истаган ҳарбий хизмат ёшидаги украиналик эркаклар бошпана сўраб ариза топшириши мумкин.
Бундай аризалар ҳар бир шахснинг ҳолатидан келиб чиқиб, индивидуал тартибда кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, вазирлик Украинада ҳарбий хизмат мажбуриятининг мавжудлиги ўз-ўзидан қочқин мақомини бериш учун етарли асос ҳисобланмаслигини таъкидлаган.
Германия ИИВ мамлакат ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган Украина фуқаролари депортация қилиниши мумкинлигини ҳам билдирган.
ЕИ украиналиклар учун вақтинчалик ҳимояни 2028 йилгача узайтирган
Яқинда Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини сабаб мамлакатни тарк этган украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя режимини 2028 йил март ойигача узайтирган эди.
Мазкур мақом Украинадан келган фуқароларга ЕИга аъзо давлатларда қонуний яшаш ва ишлаш имконини беради.
Бироқ Европа Иттифоқи Кенгаши қарорига кўра, энди Украина қонунчилигида белгиланган ҳарбий мажбуриятларга риоя қилганини тасдиқлай олмайдиган янги келган эркаклар ушбу мақомни автоматик равишда ололмайди.
Қарорда бундай талаб Украинанинг ҳозирги мудофаа эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда жорий этилаётгани қайд этилган.
Европа Иттифоқига аъзо ҳар бир давлат украиналик эркаклар вақтинчалик ҳимоя олиш учун айнан қандай ҳужжатларни тақдим этиши кераклигини мустақил белгилайди.











