Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тошкент шаҳрида ўтказилган кўчмас мулк обектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижаларини тақдим этди. 14 август куни вазирликда бу борада журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш – давлат раҳбарининг 2025 йил 5 мартдаги 43-сонли фармонида назарда тутилган. Бу тизимнинг биринчи босқичи 2025–2026 йилларда Тошкент шаҳрида, тажриба тариқасида амалга оширилмоқда.
Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижаларига кўра, пойтахтда 600 мингдан ортиқ квартира баҳоланган. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 трлн сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасидаги қиймат 426,7 трлн сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жой қайта баҳоланган. Мазкур объектларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида уларнинг қиймати 548,4 трлн сўмни ташкил этди.
Баҳолаш натижалари Тошкент шаҳри ҳудудлари кесимида кўчмас мулк қийматида сезиларли тафовутлар мавжудлигини ҳам кўрсатди. Жумладан, квартираларнинг 1 квадрат метри учун қиймат 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача, бир сотих ер участкасининг қиймати эса 115 млн сўмдан 890 млн сўмгача бўлган.
Қайд этилишича, дастлабки натижалар 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ҳамда мулкдорлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириши мумкин бўлади. Мулкдорлар баҳолаш натижалари ҳамда ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиш, зарур тушунтиришларни олиш ва натижаларни қайта кўриб чиқишни сўраш ҳуқуқига эга. Мулкдорлар, шунингдек, оммавий баҳолаш натижасида аниқланган қийматни мустақил баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотни жалб қилишлари мумкин.
43-сонли фармонда Тошкент шаҳридаги экспериментнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб, оммавий баҳолашдан ўтказилган мол-мулклар ва ер участкалари учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича солиқ солинадиган базани қайтадан белгилаш ва солиқ ставкаларини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган.
Фармонга кўра, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизимини жорий этишдан қуйидаги мақсадлар кўзланган:
- республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш;
- кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш;
- кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базани яратиш;
- солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш.
Оммавий баҳолаш ишлари 2025-2026 йилларда эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида, 2026-2027 йилларда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида, 2027 йил ва ундан кейинги йилларда қолган ҳудудларда ўтказилади.











