Вазирлар Маҳкамасининг “Учта электропоезд харид қилиш” лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжат Ўзбекистон президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2030 йилга қадар темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.
Лойиҳага кўра, учта электропоезд харид қилишнинг умумий қиймати 465 млрд 121,9 млн сўмни ташкил этади. Шундан 408 млрд 243,6 млн сўмини кредит маблағлари, 56 млрд 878,4 млн сўмини эса “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.
Харид қилинадиган ҳар бир электропоезд олтита вагондан иборат бўлади. Шу тариқа, лойиҳа доирасида жами 18 та вагондан иборат учта электропоезд харид қилиниши режалаштирилган.
Янги электропоездлар ишга туширилгач, йилига 2 млн 702,4 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида машина ва ускуналар учун 416 млрд 595,6 млн сўм сарфланиши белгиланган. Инвестиция давридаги молиявий харажатлар 48 млрд 13,9 млн сўмни, бошқа харажатлар эса 512,5 млн сўмни ташкил этади. Қурилиш-монтаж ишлари учун алоҳида маблағ ажратиш назарда тутилмаган.
Шунингдек, лойиҳа натижасида 13 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Инвестиция даври 9 ой этиб белгиланган.
Кредит ва бошқа қарз маблағларини қайтариш муддати 60 ойни ташкил этади. Бунда 12 ойлик имтиёзли давр назарда тутилган.
Қарор лойиҳасида учта электропоезд харид қилиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари белгиланган тартибда ишлаб чиқилгани ва комплекс экспертизадан ўтказилгани қайд этилган.









