АҚШ давлат котиби Марко Рубио 18 август куни Халқаро жиноий суд президенти, япониялик судя Томоко Аканэ ҳамда сенегаллик Абдулай Сейега нисбатан санкциялар киритилганини маълум қилди.
Рубионинг айтишича, улар ХЖС юрисдикциясига розилик бермаган давлатлар мансабдорларини тергов қилиш, ҳибсга олиш ёки жиноий таъқиб қилишга қаратилган суд ҳаракатларида бевосита иштирок этган.
Абдулай Сейе ХЖС прокуратурасида катта суд юристи бўлиб, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер сўраган прокурорлар гуруҳида ишлаган. У ХЖС судяси лавозимига номзод сифатида ҳам кўрсатилган.
АҚШ томонидан жорий этилган санкциялар Аканэ ва Сейенинг АҚШ юрисдикциясидаги активларини музлатиш ҳамда уларнинг Америка молиявий тизимидан фойдаланиш имкониятларини чеклашни назарда тутади.
Вашингтон ХЖСни кескин танқид қилди
Марко Рубио Халқаро жиноий суд фаолиятини кескин танқид қилиб, уни ваколатларини суиистеъмол қилишда айблади.
Вашингтоннинг ХЖС билан зиддиятлари, хусусан, суднинг АҚШ ва Исроилга доир ҳаракатлари билан боғлиқ. АҚШ ХЖСни ташкил этган Рим статутининг иштирокчиси эмас ва суднинг америкалик фуқаролар устидан юрисдикциясини тан олмайди.
АҚШ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан ХЖС томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерларига ҳам кескин қарши чиққан. Шунингдек, Вашингтон суднинг Афғонистондаги уруш доирасида америкалик ҳарбийлар билан боғлиқ аввалги терговларини танқид қилиб келган.
ХЖС: бу халқаро ҳуқуқий тартибга таҳдид
Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Вашингтоннинг янги санкцияларини қоралади.
Суд баёнотида суд-ҳуқуқ тизими вакилларига қонунни қўллагани учун таҳдид қилиниши халқаро ҳуқуқий тартибнинг ўзига хавф туғдириши таъкидланган. ХЖС АҚШ чоралари қонун устуворлигига путур етказишини билдирди.
Нидерландия ҳукумати ҳам Вашингтоннинг қарорига қарши чиқди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Том Берендсен Халқаро жиноий суд ва бошқа халқаро суд институтлари ўз ваколатларини эркин бажара олиши кераклигини билдирди. Нидерландия ХЖСни қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.
АҚШнинг ХЖСга босими кучаймоқда
Бу Вашингтон томонидан Халқаро жиноий суд вакилларига нисбатан жорий этилган биринчи санкциялар эмас.
АҚШ аввал ҳам ХЖС прокурорлари ва судяларини санкция рўйхатига киритган. Жумладан, 2025 йил февралда ўша пайтдаги бош прокурор Карим Хон АҚШ санкцияларига учраган эди.
2025 йил августда эса Трамп маъмурияти ХЖСнинг яна икки судяси ва икки прокурорига санкциялар жорий қилди. Ўша пайтда ҳам Вашингтон бу чораларни суднинг АҚШ ва Исроилга нисбатан ҳаракатлари билан изоҳлаган.
2026 йил июлида АҚШ ХЖСга қарши дипломатик босимни янада кучайтириши маълум бўлди. Вашингтон судни АҚШ суверенитетига таҳдид деб ҳисоблашини билдириб, бошқа мамлакатларни ҳам ХЖС ваколатларига қарши чиқишга ундамоқда.
Халқаро жиноий суд 2002 йилда иш бошлаган бўлиб, геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларни тергов қилиш ҳамда улар учун жавобгар шахсларни таъқиб этиш ваколатига эга. Ҳозирда суднинг 125 та иштирокчи давлати бор. АҚШ, Россия ва Исроил ХЖСга аъзо эмас.









