Унинг айтишича, агар ҳукумат томонидан амнистия қўлланиб, объект тегишли рўйхатга киритилса, бино аввал инструментал-техник текширувдан ўтказилади. Унда объектнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги, шунингдек, уни мустаҳкамлаш имконияти бор-йўқлиги аниқланади. Агар бино техник талабларга жавоб берса ва зарур камчиликлар бартараф этилса, у фойдаланишга қабул қилиниши мумкин. Шундан сўнг давлат далолатномаси расмийлаштирилиб, мулк ҳуқуқи эътироф этилади. Вазирлик вакили талабларга жавоб бермайдиган биноларни бузиш ваколати бирор давлат органига тўғридан-тўғри берилмаганини таъкидлади.
«Агарда бино ҳеч қандай талабга жавоб бермаса ёки бошқа сабабларга кўра қурилиши тўхтатилган объект бўлса, буни тўғридан-тўғри ҳеч қайси орган бузиш ваколатига эга эмас. Бу фақат суд тартиби орқали амалга оширилади», — деди Жавоҳир Эргашбоев.
Эскроу тизими қурилиши тугалланмаган уйларга пул тўлаш хавфини камайтиради
Қурилиш вазирлиги вакили суҳбат давомида янги эскроу тизими ҳақида ҳам маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, тизимнинг асосий мақсади — фуқароларнинг қурилаётган уйларга тўлаган маблағларини ҳимоя қилиш ва қурувчи томонидан мажбуриятлар бажарилмай қолиши хавфини камайтириш.
Янги тартиб билан объект бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилгандан кейин қурилишни бошлаш учун зарур маблағнинг белгиланган қисми махсус ҳисобрақамга жойлаштирилиши керак бўлади. Вазирлик вакили бу механизм орқали фуқароларнинг пул тўлаб, кейин қурилиши тугалланмаган ёки бошқа сабабларга кўра фойдаланишга топширилмаган уй билан муаммога дуч келишининг олдини олиш мақсад қилинганини айтди.
«Фуқаролар пулини тўлаб, алданиб қолиб кетаверадими, бино бузилиб кетса нима бўлади — мана шунинг олдини олиш мақсадида бу тизим яратилди», — деди у.
Унинг маълум қилишича, эскроу тизимини ишга тушириш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда.










