Ўзбекистон Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти олимлари ва тадқиқотчилари томонидан Жиззах магистрал электр тармоқлари филиалининг 110/10 кВ “Чилонзор” подстанциясида тадқиқотлар ўтказилди.

Академия матбуот хизмати хабарига кўра, тадқиқотлар натижасида электр тармоғидаги йўқотишлар даражаси, трансформатор юкланиш режими, реактив қувват балансининг ҳолати ҳамда изоляция ресурсининг эскириш кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилинган.

“Олиб борилган тадқиқотлар натижасида реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатиш орқали қувват коэффициенти кўрсаткичини меъёрий даражага яқинлаштириш, SCADA тизими асосида масофадан бошқариш ва реал вақт режимида назорат қилиш имкониятларини жорий этиш, юклама графигини оптималлаштириш мақсадида истеъмол профилини рақамли моделлаштириш ва бошқа бир қанча илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Илмий асосланган ечимларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида техник йўқотишлар сезиларли даражада камайиши, электр таъминоти ишончлилиги ошиши ҳамда мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига олиб келади”, – дейилади хабарда.