Ўзбекистон ва Озарбойжон Каспий денгизида қўшма флот ташкил этиш ишларини жадаллаштириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан музокаралар якунлари бўйича 23 август куни ОАВ вакиллари учун берган баёнотида айтилди.

«Транскаспий коридорининг салоҳиятини биргаликда ривожлантирамиз, логистика инфратузилмаси самарадорлигини оширамиз, Каспий денгизида қўшма флот ташкил этиш бўйича ишларни фаоллаштирамиз», дейилади баёнотда.

Мирзиёевнинг таъкидланишича, шунингдек,

  • Озарбойжон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга;
  • Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди, у ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш, ҳамкорликни кенгайтириш ва умумий келажакни барпо этишга бўлган муштарак интилишни акс эттиради;
  • Озарбойжон – бизнинг ишончли иттифоқчимиз, стратегик ҳамкоримиз ва биз учун қардош давлат;
  • Умумий тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўзгармас маънавий қадриятлар ва муштарак маданият муносабатларимизни мустаҳкам қилади;
  • Бир неча йил аввал ташкил этилган Инвестиция жамғармаси саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суришда муҳим роль ўйнамоқда;
  • Низомий Ганжавий ва Алишер Навоийнинг адабий меросига бағишланган қўшма бадиий фильмнинг яратилиши муҳим воқеа бўлади;
  • Футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида “Икки мамлакат – бир чемпионат” номли кенг кўламли давлатлараро дастурни амалга оширишни таклиф этдик;
  • Муҳокамаларимизнинг мазмуни ва кенглиги Ўзбекистон – Озарбойжон амалий ҳамкорлигининг кун тартиби нақадар катта кўлам ва мисли кўрилмаган динамикага эгалигини кўрсатмоқда;
  • Ташриф якунлари икки қардош мамлакат ўртасидаги қўшма лойиҳалар ва барқарор ривожланиш учун янги уфқларни очади.