Ўзбекистонда пулнинг яна бир янги шакли — рақамли сўмни жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу оддий банк картасидаги ёки мобил иловадаги электрон пулдан фарқ қилади. Чунки гап шунчаки мавжуд сўмни рақамлаштириш ҳақида эмас, балки Марказий банк томонидан чиқариладиган рақамли валюта ҳақида бормоқда. 

Рақамли сўм бу — Марказий банк чиқарадиган сўмнинг рақамли кўриниши, яъни пул ўша пул. Фақат ундан фойдаланиш ва уни бошқариш имкониятлари рақамли тизим орқали амалга оширилади. 

Марказий банк 2026–2030-йилларга мўлжалланган молиявий технологияларни ривожлантириш миллий стратегиясини эълон қилди. Унда рақамли сўмни амалиётда синаб кўриш режаси ўрин олган. 

Лекин бу тизим эртадан барча фуқаролар фойдаланадиган янги тўлов воситасига айланмайди. Марказий банк аввало бундай тизим Ўзбекистон учун қанчалик зарур, унинг иқтисодий ва технологик самараси қандай бўлади, қандай хатарлар юзага келиши мумкин, шуларни ўрганади. 

24 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк расмийлари рақамли сўм қандай ишлаши ва у оддий сўм ва банк карталаридан амалда нимаси билан фарқ қилиши, яқин йилларда ўтказиладиган пилот лойиҳаси ҳақида журналистларнинг саволларига жавоб берди. 

Image
Kun.uz

Рақамли сўм қайси йўналишларда ишлатилаши мумкин? 

Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Сайдуллаевнинг айтишича, рақамли сўмнинг жисмоний шахслар учун тўловларда қўлланиши ҳозирча асосий йўналиш сифатида кўрилмаяпти. 

Унга кўра, Ўзбекистонда фуқаролар ўртасидаги нақдсиз тўловлар учун аллақачон етарлича ривожланган инфратузилма мавжуд. Хусусан, мамлакатда Humo ва Uzcard каби миллий тўлов тизимлари, шунингдек, банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари ишламоқда. 

Марказий банк раиси ўринбосари рақамли сўмнинг бошқа бир эҳтимолий қўлланиш соҳаси улгуржи савдо ва ташкилотлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. 

“Жуда ҳам кўп ҳолларда, агар кузатсангиз, иқтисодий судларда ташкилотлар ўртасида бажарилган ишлар ва етказилган товарлар учун вақтида олинмаган маблағлар бўлади. Бу, демак, улгуржи савдо билан шуғулланадиган ташкилотлар учун ҳам қўл келади”, - деди у.