25 август куни президент Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейсдан иборат делегациясини қабул қилди.
Учрашув аввалида америкалик қонун чиқарувчилар Ўзбекистон президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан табриклади.

Музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Икки томонлама муносабатларда ижобий суръат кузатилаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражада экани, ўзаро алоқалар ва ташрифлар фаоллашгани қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШ етакчиларининг яқинда бўлиб ўтган телефон мулоқотида стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, жорий йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошган.

Айни пайтда энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масаласини ҳам муҳокама қилди. Ўзбекистон АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан тўғри алоқаларни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга келишиб олинди.









